Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган ОАВ юқори малакали мутахассислари ўтказилган сўров давомида “аёллар заифа”, “аёл раҳбарлар бор жойда доим жанжал, ғийбат”, “аёлларда ҳиссиёт устувор” ва бошқа шу каби гендер қолипидаги айбловларни билдиришди. Таассуфки, уларнинг орасида матбуот соҳасида гендернинг аҳамияти йўқ деган фикрдаги мутахассислар ҳам бор эди.
Соҳа мутахассислари 2019 йилда Марказий Осиё мамлакатларида медиа истеъмоли ва медиа ахборот саводхонлиги юзасидан ижтимоий ўрганишлар пайтида берган интервьюлари давомида аёллар тўғрисида фикрлари билан ўртоқлашдилар. Тадқиқотда учта мамлакат – Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Ҳар бир республикада 10 нафар респондент орасида сўров ўтказилди. Уларнинг матбуот майдонида турли лавозимларда фаолият олиб бораётган аёллар ҳақидаги фикрлари турли-туман.
Қозоғистон
Масалан, Қозоғистонда деярли кўпчилик мутахассислар журналистлик асли аёлларга мос касб эканига ишончлари комил.
“Аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Бизда бу касбда асосан аёллар. Ўқув машғулотлари ўтказамиз ва аксарият иштирокчилар қизлардир. Операторлар, яъни хавфсизлик юзасидан IT ва бошқа техник соҳа ходимлари, албатта, йигитлар. Агар бош муҳаррирлар таркибига назар ташласак, у ерда эркаклар ёки аёллар кўп, деган қарашлар йўқ. Демак, эркаклар ҳам, аёллар ҳам бошлиқ бўлиши мумкин. Менимча, бу муҳим эмас, асосийси, раҳбар малакали профессионал бўлиши лозим”.
Шу билан бирга, респондентлар “аёллар ҳиссиётли журналистикани, эркаклар эса фактлар журналистикасини афзал кўришади”, деб таъкидлашди.
“Аёллар эътиборни кўпроқ ҳиссиётга, нозик нарсага қаратадилар. Эркаклар эса кўпроқ мантиққа мослашадилар, асосийси мантиқ ва тартиб. Шунингдек, мавзуга ҳам аҳамият бериш лозим. Агар мавзу оила ва бола, ногирон кишилар ҳақида бўлса, унда аёллар тўғрироқ ифода бера оладилар. Сиёсат масаласига келсак, бу кўпроқ эркаклар очиб берадиган мавзу”.
Умуман, сўровда қатнашганларнинг фикрича, медиа сарҳадда гендер муаммоси йўқ.
“Агар инсон самарадор бўлса, агар фаолиятини нормал жараёнларга қура олса, жамоанинг ишини нормал ташкиллаштирса ва айни пайтда журналист сифатида самарали ишлай олса, жараёнлар, мавзуларни, соҳанинг ўзига хос хусусиятларини тушунса, унинг қайси жинсга мансуб эканлиги мутлақо муҳим эмас”.
Медиа сарҳадда етакчилик мавқеидаги гендер мувозанатига келсак, мутахассислар гендер нуқтаи назаридан тафовут ва афзалликлар йўқ деган фикрда якдилдирлар.
“Ҳозир аёл муҳаррирлар анчани ташкил қилади – HOLA News, Esquire, The Steppe, Vlast.kz, яъни муносиб даражада тақдим этилган. Менимча, бу борада ҳеч қандай камситилиш ҳолатлари мавжуд эмас. Бу анчайин эркин соҳа, аёл бемалол нимагадир эришиши ва ОАВни ҳеч бир муаммосиз бошқариши мумкин. Ҳозир кўплаб телеканаллар мавжуд, уларнинг аксариятида аёллар раҳбар. Бу ерда мен давлат ва республика ТВ каналларини назарда тутяпман”.
Баъзи экспертлар раҳбарлик лавозимида ишлайдиган айрим аёллар ўз жамоаларида ўзига хос муносабатларни ўрната олишганига эътибор қаратадилар.
“Мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, аёл раҳбар бўлган жойда ҳар доим жанжал, фитна ва бошқалар бўлади”.
Бундан ташқари, респондентлар медиа сарҳадда раҳбар мавқеидагилар учун баъзи хусусият ва шартларни қайд этишди.
“Менимча, аёлларга доим қийин, аммо бу касб маҳорати туфайли эмас. Касбий маҳорат умуман жинсга боғлиқ эмас. Бу шунчаки жамоатчилик стереотипи, ички кўникмалар, шунинг учун аёлларга қийинроқ. Умуман олганда, матбуотда аёлларга нисбатан ҳеч қандай камситилишлар мавжуд эмас, аммо аёлларга ҳар доим қийин, чунки биз шундай мамлакатда яшаймиз”.
Аммо эркакларда гендер афзаллик туфайли раҳбарлик мавқеини эгаллаш эҳтимоли кўпроқ, деб ҳисоблайдиган мутахассислар ҳам бор.
“Эркак учун раҳбарлик поғонасига чиқиш осонроқ, чунки у ўзини босиқ тутади ва одатда аёллар ҳиссиётга бериладиган жойларда ўзини шу томондан кўрсата олади. Эркак раҳбар билан профессионал равишда музокаралар олиб бориш мумкин, шарқона тарбия кўрган аёл билан эса эҳтиёт бўлиш лозим”.
Журналист материалига келсак, сўровда иштирок этган мутахассислар журналистнинг жинси якуний натижага таъсир қилмайди, деган фикрдалар.
Тожикистон
Тожикистонда вазият бироз бошқача: республикада кўплаб қизлар журналистика йўналишларида таҳсил олишади, лекин кўпинча реал фаолият билан шуғулланмайдилар. Матбуот тармоғи раҳбарларининг аксарияти эркаклар, бу Тожикистон ҳамжамиятининг маданий ўзига хослиги билан боғлиқ. Бироқ, сўнгги йилларда журналист ва ОАВ раҳбарлари орасида аёллар сонининг ўсиши кузатилмоқда.
“Гендер баланси йўқ, аммо биз аёлларни раҳбарлик лавозимларига жалб қилишга ҳаракат қиламиз. Масалан, “Бонувон” ва “Фируза”» журналларининг (давлат нашрлари — таҳр.) раҳбарлари аёллар. Бироқ бошқа аксарият нашрларда улар сони жуда оз. Бугун бизда мамлакат бўйича 5-6 нафар аёл-муҳаррирлар бор <…> Кўплаб аёлларимиз эркак ҳамкасбларига қараганда анча малакалироқ. Жамиятимиз патриархал, унда эркаклар устун. Шунга қарамай, раҳбар аёллар сони йил сайин ортиб бормоқда”.
Тожикистонлик мутахассисларда журналист касби кўпроқ эркакларга хос, деган қараш кучли.
“Эркаклар муваффақиятга яқин, чунки бу жуда жиддий ва меҳнат талаб қиладиган иш. Аёллар куннинг долзарб мавзусида чиқиш қилишлари ёки муаммолар ҳақида жойлардан материаллар беришлари мумкин. Мамлакатимизда эркаклар аёлларга қараганда кўпроқ муваффақиятга эришадилар, чунки уларда материаллар билан ишлаш, ўқиш ва таҳлил қилиш учун вақт ҳамда имконият етарли”.
Қозоғистонда бўлгани каби, экспертлар материални тақдим қилиш журналистнинг жинсига боғлиқ эмас, фикрида якдиллар.
“Мен “Ховар” агентлигида ишлаганман, бизда иқтисод бўлимининг бошлиғи бор эди ва у топшириқ берганида, айтарди: “Журналист эркак ва аёлга бўлинмайди”. Яъни, бу касбда эркак ва аёл тенг. Жуда жасур журналист аёллар бор, улар баъзи эркакларга қараганда дадилроқ. Менимча, ҳамма нарса яхши тақсимланган, аммо раҳбариятда, афсуски, эркаклар кўпроқ”.
Дарвоқе, сўнгги йилларда Тожикистонда аёллар сони кўпайиб бормоқда ва бу тамойил йўқолмайди. Тадқиқотга кўра, раҳбар аёллар мутахассислар эътирозига сабаб бўлаётганингнг боиси, бу аёл танаси, психологияси, гўзаллиги ва умуман олганда аёл дунёси ҳақида визуал очиқ маълумотнинг кўплигида. Мутахассислар фикрича, аёллар нафақат гўзаллик оламининг вакиллари саналади, улар аудитория билан янада жиддий мавзуларда ҳам мулоқот қила олишлари мумкин, масалан, иқтисодиёт ёки IT соҳаларида.
Ўзбекистон
Ўзбекистонда экспертлар гендер масаласи медиа сарҳадда ҳал қилувчи омил эмаслигига ишонишади, аммо “Гендер тенглиги тўғрисида”ги қонун қабул қилингандан кейин медиа бозорида сезиларли ўзгаришлар бўлганига урғу бермоқдалар. Қонун қабул қилинишидан аввал бунга аёллар иши эмас, деб қаралган. Энди эса респондентлар аёл раҳбарларга талаб борлигини таъкидлайдилар.
Мутахассислар фикрига кўра, шарқона қараш аёл, энг аввало, оила ўчоғининг қўриқчиси, бека ва она эканлигини назарда тутади. Унинг касбий фаолияти ва медиа сарҳадда амал пиллапоялари иккинчи даражали масала. Экспертлар орасида медиа соҳасининг айрим раҳбар эркаклари улар аёл журналистларни доим қўллаб-қувватлашларини таъкидладилар.
“Зарур ҳолларда биз улар билан суҳбатлашамиз, йўналиш берамиз, қўллаб-қувватлаймиз. Ҳатто ишдан кеч қолмасликлари учун эрта кетишларига имкон берамиз, чунки уларни оиласи, эри уйда кутмоқда, улар овқат пиширишлари керак. Бу томондан ҳам ёрдам беришга ҳаракат қиламиз”.
Қозоғистонлик экспертлар каби ўзбекистонлик мутахассислар ҳам маълумот узатиш ва журналист иш сифатига таъсир этувчи психологик гендер хусусиятлари мавжуд, деб ҳисоблайдилар. Мутахассис таъкидлашича, эркак ва аёл журналистларда ишга ёндошув турлича: аёллар маълумотларни одатдагидан ортиқ ҳиссиёт билан ифодалайдилар. ОАВнинг малакали мутахассислари учун материал муаллифининг жинсий мансублигини аниқлаш қийинчилик туғдирмайди.
“Мавжуд иш тизимли тарзда давом этса, қизлар бу юмушни қунт билан адо этишади. Кўпроқ ижодий ёки фаол, тезкор ёндашув талаб қиладиган ишларни йигитлар яхши уддалашади. Агар биз менталитет нуқтаи-назаридан қарасак, ҳали турмушга чиқмаган қиз мартабаси ўсишини истайди. Оила қуриши билан, агар бу оила шарқона таъсирда бўлса, табиийки, йўналиш оила томонга оғиб кетади. Мартаба поғоналари ҳаммага ёқади, аммо энди у биринчи ўринда бўлмайди”.
Медиа сарҳадда етакчилик масаласида экспертлик баҳолари шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда эркаклар раҳбарлик мавқеига кўпроқ эгаллашган.
“Аёллар заифа. Улар қаердадир, ниманидир ўтказиб юборишлари мумкин. Ушбу соҳада аёл заиф ҳисобланади. Аммо у буни эркакнинг назорати остида уддалаши мумкин. Яъни, қўполроқ айтганда, масалан, қайсидир медиа-холдинг эгаси эркак, аёл эса ҳисобот беради ва у ҳаммани унинг қаноти остида “бошқаради”… У кескин маълумотни етарли даражада идрок эта олмаслиги мумкин, лекин эркак буни уддалайди”.
Медиа истеъмоли ва медиа ахборот саводхонлиги тадқиқотлари 2019 йил ёз фаслида Internews буюртмасига кўра MediaCAMP лойиҳаси доирасида “Жамоатчилик фикри” фонди томонидан ўтказилган.
Муаллиф: Лилия Гайсина