No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидТошкент видеоквести: Медианинг бош тренди Ўзбекистонда ўзини қандай намоён қилмоқда

    Тошкент видеоквести: Медианинг бош тренди Ўзбекистонда ўзини қандай намоён қилмоқда

    Бугун видео бутун дунё бўйлаб энг оммалашган ва тез суръатлар билан ривожланаётган йўналиш саналади. Ва бу тенденция камида сўнгги икки йил ичида сақланиб қолади. Видео мустақил манба бирлиги сифатида ўзини намоён қила олади – масалан, у онлайн хабар узатиш, тадқиқот ишлари ёки давомий хабарлар тизимида қулай восита. У ижтимоий тармоқларда caption-видео орқали реклама унсури сифатида ишлаши мумкин. Ёки каттароқ ниманидир бир бўлаги бўлиши ҳам мумкин, масалан, мультимедиа ёки оммалаштирилган мутолаа лойиҳасининг.

    Бироқ, сўнгги бир неча йил ичида дунё матбуотида бўй кўрсатган тамойилларни Ўзбекистонда ўрганиш, асосан, яқин вақтдан бери бошланди. Бошқа соҳаларда бўлгани каби, бу республикада “ривожланишнинг ўз йўли” мавжуд.

    Мустақил YouTube

    Сўнгги бир неча йилда YouTube видеоларини томоша қилиш, ҳатто 360 ўлчамида кўриш ўзбекистонликлар учун янгиликдек бўлиб қолган. Бу ҳамон кўпчилик учун қўл етмас манзил. Муаммо шундаки, интернет сифати ҳаминқадар.

    Сўнгги уч йилда вазият бироз яхшилангани кузатилсада, ҳозир у қуйидагича кўринишга эга: толали интернет нафақат Ўзбекистон, балки пойтахт Тошкентда ҳам барча бирдек фойдалана олмайдиган қўл етмас чўққи. 2019 йилда мамлакат бўйича бор йўғи уч миллион киши уй шароитида унга уланиш имкониятидан фойдаланган. Айни пайтда мобил интернетдан 19 миллион киши баҳраманд. 2019 йилда мамлакат аҳолиси 35 миллион кишидан ошди, демак республикада 14 миллион киши тармоқдан фойдалана олмайди.

    Нарх масаласида: Ucell операторидан ўртача 1,5 ГБ тўпламининг баҳоси тахминан 2,9 долларни ташкил қилади, Beeline эса битта пакет учун – 3,2 доллар нарх белгилаган. Ушбу миқдордаги трафик билан дастурларни томоша қилиш ёки видео таркибни тўлиқ қабул қилиш амримаҳол. Мобил интернетнинг тўлиқ ойлик нархи камида 12,5 долларни ташкил этади (энг кўпи — 29), бу Ўзбекистон аҳолиси учун анчайин қиммат қиймат. Операторларда мақбул вариант сифатида тавсия этиш учун ойлик тўлиқ тўпламнинг ўзи мавжуд эмас. МБда маълум бир чегарага эришилганда, фойдаланиш тезлиги икки баравар камайтирилади.

    Ушбу барча техник тафсилотлар Ўзбекистонда видео-контентни қандай истеъмол қилиши мумкинлиги ҳақида тасаввур пайдо бўлиши учун келтирилди. Агар вазият ҳозир шу ҳолда бўлса, бундай олти йиллар аввал қандай бўлганини тасаввур қилиш мумкин.

    Ташқи интернет тезлигининг чекланганлиги сабаб мамлакатда TAS-IX деб номланадиган ички интернет тармоғи кенг тарқалган. Ушбу ички интернетнинг тезлиги ҳар доим ташқисидан кўра бир неча бор юқори бўлган. Ва айнан шунинг учун мамлакатда асосий таркибга эга видео платформалар мавжуд.

    Бутунжаҳон ижтимоий тармоқларида тўсатдан юз берадиган “техник носозликлар” ички ресурсларнинг янада оммалашишига олиб келди. Ички истеъмолда энг оммалашган сайтлар қаторида mover.uz ва mytube.uz бор. Энди уларнинг машҳурлиги, айниқса пойтахтда, бироз пасайди, чунки Тошкентда интернет тезлиги ва қамрови фойдаланувчиларга YouTube кўриш ва ташқи манбалардан видеофильмларни томоша қилиш имкониятини беряпти.

    Бироқ, ички видео платформалар мавжуд бўлсада, Ўзбекистон матбуоти видеоконтент яратишга шошилмаяпти.

    Янги йўналишда илк қадамлар

    Агар “Мовер”нинг “Янгиликлар” бўлимига кирилса, энг оммабоп ўзбек тилидаги Daryo.uz сайти янгиликларни видео шаклида ҳаммадан аввал юклай бошлаганини кўришингиз мумкин – улар 2013 йилдан пайдо бўла бошлаган ва кунига 150 дан 500 тагача фойдаланувчи уни кўрган. Ҳозир ушбу манбага бир кунда 3000 тагача мурожаат бўляпти. Оммавий ахборот воситаларидаги биринчи YouTube видеолар 2017 йилга келибгина пайдо бўлган, аммо мавзунинг жиддийлигига қараб ҳозир 10000 тагача одам мурожаат қилади. Facebook видеолари эса кам эътибор ҳудудида қолиб кетган – битта видео 3000 тагача кўрилган. Бироқ, сайтдаги таркиб ҳам қизиқарли эмас: футбол учрашувлари ва бошқа спорт тадбирларидан лавҳалар. Албатта, вақти-вақти билан фаоллик юқорилигини ҳам кузатиш мумкин, бу мавзу “оммалашиб” кунига 40 мингга яқин одам видеони кўрган ҳолатлар ҳам бор. Бироз вақт ўтгач, таҳририят ўзининг барча сайтларида таркибни жойлаштиришга қарор қилди, фойдаланувчиларга видеони томоша қилиш қулайроқ бўлган манзилни ўзлари танлаши учун имкон берилди.

    Daryo.uz сайтининг ўзбек тилидаги сегментдаги асосий рақобатчиси – Kun.uz нашри “Мовер”да фақат 2016 йилда фаолият бошлаган. Роликлар ўртача ҳисобда 600 марта томоша қилинар эди, аммо бугунги кунда мурожаатлар 30 мартадан кўпроқни ташкил этади, баъзи видеолар эса бор-йўғи 5-6 марта кўрилмоқда. Бу, интернет тезлигининг ошиши аудиторияни янада қулайроқ – Facebook Watch ва YouTube каби сайтларга йўналтирганидан дарак беради. Kun.uz бугун 490 минг обуначисига эга – бу эса Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Аслида баъзи видеолар 2,5 миллион марта кўрилган. ОАВ 2017 йилда YouTube каналига видеолар юклай бошлашган, айни пайтда биринчи лавҳага 150 000 марта мурожаат бўлган. Caption масаласига келсак, “Кун” бу масалада ҳам ёмон кетаётгани йўқ, видеолар 50 ва 100 минг марталаб томоша қилиниши мумкин, чунки уларнинг деярли барчаси муҳим янгиликларга бағишланган ва томошабинларга таъсир кўрсатади.

    Энг оммабоп рус тилидаги Gazeta.uz нашри 2016 йили “Мовер”да видео-контент яратишда илк қадамларни қўйган. Дастлабки видео 2016 йилнинг май ойида пайдо бўлди ва 1100 марта кўрилди. Ҳозир сайтнинг томоша қилувчилар сони ошиб бормоқда – 300 дан 4000 тагача. Бир вақтнинг ўзида нашр YouTube сарҳадларини ҳам ўзлаштирди — биринчи видео 2016 йил сентябрь ойида жойлаштирилди, ҳозир уни 2100 марта томоша қилишган. YouTube каналидаги обуначилар сони бўйича Gazeta.uz ўзининг ўзбек тилидаги рақобатчиларидан пастроқ кўрсаткичга эга – 13,4 минг нафар, ОАВнинг энг сўнгги лавҳалари ўртача 10 000 мартадан томоша қилинган. Мавзу ва ахборот таркибига қараб, рақамларнинг миқдори кўпроқ бўлиши ҳам мумкин. Facebook ижтимоий тармоғидаги вазият ҳам шунга яқин – биринчи видео ўша 2016 йилда пайдо бўлган, ҳозир уларга 4 тадан 20 000 тагача мурожаат бўлиб туради.

    Асосий кундалик воқеликларни тақдим этаётган “Уч наҳанг” нисбатан кичик рақобатчиларини анча ортда қолдириб кетишди. Шу билан бирга, нашрларнинг ёшини ва таркибни тарғиб қилиш учун қанча маблағ сарфлаётганини ҳам ҳисобга олиш керак. Аммо бирмунча ёшроқ нашрлар ҳам видеолар орқали томошабинни жалб қилишга уринишмоқда. Масалан, Repost.uz. У контентни танлашда Россиянинг Life йўлидан боришни лозим топди, улар шунингдек, caption-лавҳалар ҳам суратга олишяпти. Лойиҳанинг биринчи видеоси 10000 марта томоша қилинди, ҳозир эса ўртача кўрсаткич 6000 тага тенг. Бу рақам доирасидан чиқиб кетадиган видеолар, одатда, жанжал ёки шоу-бизнесга тааллуқли бўлади. Масалан, қўшиқчи Юлдуз Усмонова ҳақидаги видео 40 000 дан ортиқ томошабин йиғди. Ёки Ольга Бузованинг концерти ва унинг либослари ҳақидаги лавҳа бугунги кунда – 127 000 марта мурожаат билан хитга айланган.

    Кўнгилочар ахборот воситаси ҳисобланган MyDay уч йилдан ортиқ вақтдан бери Facebook тармоғига видео жойлаштириш билан шуғулланади, аммо томоша қилишларнинг ўртача сони камдан-кам ҳолларда 1000 тадан ошади. YouTube каналида вазият бироз яхшиланди – ҳозир кун мавзуидаги видеолар ўртача 4000 тагача ва ўзбек шоу-бизнеси юлдузларига тегишли ҳикоялар 100 000 гача кўрилмоқда.

    MyDay тармоғининг бевосита рақобатчиси “Афиша Медиа” холдинги таркибига кирувчи (жумладан, Gazeta.uz ҳам шу таркибда) Afisha.uz нашрининг видео билан боғлиқ вазияти янада ёмонроқ. Нашр тахминан беш йилдан бери лавҳалар тайёрлаш билан шуғулланади, аммо улар камдан-кам ҳолларда 5000 дан ортиқ томошабин тўплайди. Ўртача кўрсаткич 600-700 тани ташкил қилади.

    Ҳукумат нашрларига келсак, улар асосан ўз мундарижалари мазмунини ранг-баранг қилишга интилмайдилар. Асосий ахборот таъминотчиси – “ЎзА” ахборот агентлиги ўзининг Facebook-саҳифасига умуман видео жойлаштирмайди.

    Правда Востока”, ЎзАдан фарқли ўлароқ, видео лавҳа қўллаш тажрибасига қўл уриб кўрди ва дарҳол воз кечди – ёрлиқ бор, лавҳалар фақат тўртта, ўртача томоша қилиш сони — 100 та.

    Давлатга қарашли “Вечерний Ташкент” (“Тошкент оқшоми”) нашри бошқа давлат оммавий ахборот воситалари билан солиштирганда анча ривожланган бўлиб, видео билан самарали ишлайди. Бу ерда фақат сарлавҳаларнинг ўзига хослиги мақтанадиган даражада эмас.

    Бошқа давлат ОАВ Facebook тармоғида саҳифага эга эмаслар ёки уларни шунчалик яхши яширишганки, махсус қўлланмасиз топиш деярли мумкин эмас.
    Ўзбекистон телевидениесига келсак, у интернетда видео форматида деярли тақдим этилмаган.

    Хўш, нима учун Ўзбекистонда видео-контент бундай секин ривожланмоқда?

    Алоқанинг анчайин паст тезлиги билан ҳам Ўзбекистон аҳолиси видео лавҳалар томоша қилиш имкониятини топмоқда – энг муҳими, буни амалга оширишни исташмоқда. У ҳолда видео контент ривожига нима тўсқинлик қилмоқда? Асосий сабаб – ёмон сифатдаги интернетдан ташқари бунга яна бир нечта омиллар мавжуд. Масалан, таҳририятнинг имконияти, унинг тўлов қобилияти, тили ва ваколати.

    1. Таҳририят имконияти. Видеоконтент ривожланмоқда. Аммо, юқорида таъкидлаганимиздек, айрим нашрларда вазият бошқаларга қараганда яхшироқ. Катта матбуот, масалан, Kun.uz жамоаси реклама роликларини яратишга алоҳида эътибор қаратишди, журналистлар caption ва батафсил видео репортажлар яратиш бўйича тренинг ва маҳорат дарсларида иштирок этишди, шундан кейин ўз таҳририятлари орқали олган кўникмаларидан фойдаланиб, бошқаларга маҳсулот тақдим қилишди. Уларда аввал махсус ўқиш билан шуғулланиш ва кейин яна ишга қайтиб, фаолиятни давом эттириш имконияти бор эди. Кичкина нашрларда, шундоқ ҳам ишлайдиган ходимлар кам, машғулотлар билан ишдан ажралиб шуғулланиш масаласи қийин.
    2. Тил. Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти ўзбек тилида гаплашади ва ахборотни шу тилда қабул қилади. Шунинг учун, у рус тилидаги муқобилидан кўра, унинг сифати юқори бўлган тақдирда ҳам, кўпроқ оммалашган ва кўпроқ томошабин тўплайди.
    3. Таҳририятнинг тўлов қобилияти. Видеони оммалаштиришнинг бир нечта муҳим омиллари мавжуд – мунтазамлик, мавзунинг долзарблиги ва реклама. Яъни, аслида, таҳририят қошида видео таркибни яратиш, нашр этиш ва тарқатиш билан шуғулланадиган алохида бўлим фаолият олиб бориши керак. Ёки ҳеч бўлмаганда бу ишни икки нафар ходим зиммасига юклаш лозим. Бироқ, мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситалари ҳам бундай бўлимни ёки бундай ходимларни ушлаб туриш имкониятига эга эмас. Бу шуни англатадики, рақобат майдонида фақат реклама орқали етарлича пул ишлаб топадиган етакчи ОАВ қатнашиши мумкин. Янги нашрлар аввалига ушбу пойгага қўшиладилар, лекин доим ҳам турли хил сайтларда нашр этиш ва тарқатишнинг мунтазамлигига етарли эътибор бермайдилар.
    4. Ваколат. YouTube тармоғидаги видео Facebook ва хатто Instagram саҳифасига жойлашадиган таркибдан тубдан фарқ қилади. Ҳар бир платформага алоҳида эътибор керак. Ҳозирча ҳамма ОАВ ҳам ушбу нозик масалани ўзлаштира олганлари йўқ ва ўз тингловчиларини бунга кўниктира ҳам олмадилар. Кўпчилик айнан бир хил таркибни турли сайтларда эълон қилишда давом этмоқда ёки фақат ўзларининг Facebook ёки Instagram саҳифаларини ривожлантиришга куч сарфлашяпти.

    Дунёнинг аксарият мамлакатларига нисбатан Ўзбекистонда видеоконтент ривожланиши анча кеч бошланди. Аммо уч йил давомида бозор етакчилари ва янги, ёш ОАВ қандайдир натижаларга эришдилар ҳам. Агар соҳа ривожидаги ижобий динамика сақланиб қолса, бир йилдан кейин бутунлай бошқа натижалар ҳақида гаплашармиз эҳтимол.

    Муаллиф: Дарина Солод

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read