No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидЎзбекистон медиасида пахта терими қандай ёритилди?

    Ўзбекистон медиасида пахта терими қандай ёритилди?

    Кузда Ўзбекистон медиаси учун асосий мавзулардан бири – пахта терими. Совет даврида куз бошланиши билан мактаб ўқувчилари ва талабалар, шифокорлар ва ўқитувчилар мажбурий равишда сафарбар қилинар эди. Бугунги кунда эса ҳосилни йиғиштириб олишга теримчиларни фақат ихтиёрий равишда жалб этилаётгани айтилмоқда. Аммо, медиада пахта йиғим-терими тўғрисида ахборот бериш услуби ўзгардими?

    Ташвиқот йўқ, бироқ эски формат сақланиб қолди

    « … вилоятида …….. минг тоннадан ортиқ пахта хом ашёси териб олинди, бу режанинг …….фоиздан ортиғини ташкил этади». Нуқталарни худуд номи ва рақамлар билан алмаштиринг ва Ўзбекистонда пахта йиғим-терими тўғрисидаги стандарт ахборот пайдо бўлади.

    Медиада ҳамма бирдек пахта далаларига чиқиши ҳақидаги чақириқлар ғойиб бўлди, бироқ рақамларга бой рапортлар қолди. Ушбу рақамлар айрим фермер хўжаликлари, туманлар ва вилоятлар бўйича берилади, аммо оддийгина саволларга жавоб йўқ: «бу кўпми ёки кам?», «аввал қандай бўлган?», «агар режадан кам териб олинса нимага таъсир қилади ва умуман таъсир қиладими?», «нега кам ёки кўп териб олинди, сабаби нимада ёки қайси омиллар бунга таъсир кўрсатди?». Миллий ва ҳудудий ОАВ хабарларидан гўё мамлакатнинг барча фуқаролари (ёшидан қатъий назар) пахта етиштириш жараёни ва унинг ҳосилини йиғиб олиш борасида, жумладан режалар ҳақида ҳам ҳамма нарсани аниқ биладигандек таассурот пайдо бўлади.

    Пахта мавзуидаги информацион материалларнинг яна бир ўзига хос жиҳати – бу бирон бир туман ёки фермер хўжалигининг йиғим-терим бўйича режанинг муддатидан аввал (ёки шунчаки режа бажарилгани тўғрисида) бажарилгани, давлатга режадан ортиқ пахта топширилгани ҳақидаги ахборотлардир. Бироқ, 2020 йилдан бошлаб пахта етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилинди, яъни моҳиятан, совет давридаги матбуот ҳар доим рапорт бериб юрган ўша режа йўқ энди. Бунга қарамай, анъанага айланган одатга кўра, республика медиаси ҳануз «давлатга пахта топшириш режаси» тушунчасидан фойдаланишда ва социалистик мусобақа руҳида муддатидан аввал бажарилгани ҳақида хабар қилишда давом этмоқда. Балким, ушбу хабарларда сўз фермер хўжаликларининг қандайдир бизнес-режалари ҳақида бораётган бўлиши мумкин, аммо медиа материалларида бунга ҳеч бир изоҳ берилмайди.

    Теримчилар қани?

    Парадоксал ҳолат: пахта терими жараёнини ёритувчи кўплаб материаллар рақамларга бой, лекин одамларни кам “учратасиз”. Баъзан фермер хўжаликлари раҳбарлари кўриш мумкин, аммо улар ҳам гектаридан неча центнер ҳосил олингани ҳақида гапирадилар. Аслида мазкур мавзу атрофида қаҳрамонлар жуда кўп – улар йиғим-теримга жалб этилган вақтинча ишсиз фуқаролар, ўз хоҳиши билан далага чиққан фаоллар (бу ҳақда хабарлар бор, бироқ, одамлар билан интервьюлар деярли йўқ). Бу борада Kun.uz нашрининг журналистлари Жиззах вилоятининг чекка туманидан (Тошкентдан тахминан 210 километр масофада жойлашган) тайёрлаган видеорепортажни журналистик ютуқдек кўринади. Репортёрлар теримчилар далада қандай ва қай шароитларда меҳнат қилаётгани билан қизиқдилар: улар ихтиёрий равишда теримга чиқишдими, иш ҳақини вақтида олишяптими, далада ташкиллаштирилган озиқ-овқат сифати яхшими ва ҳоказо. Ушбу материални саҳнабоп фотоларсиз теримчиларнинг кундалик ҳаётидан тайёрланган анча жонли репортаж дейиш мумкин.

    Бу йилги пахта терими мавсумида Гулчеҳра Қипчоқова республиканинг деярли барча медиасидан ўрин олди: бу қиз бахтсиз ходиса туфайли бир қўлидан айрилган, аммо ҳар йили оиласи билан пахта теримига чиқади. Оммавий ахборот воситалари Гулчеҳранинг қаҳрамонона меҳнати ҳақида ёзишди. Аммо, у давлатдан қандай ёрдам олаётгани, берилаётган нафақа унга етарлими-йўқми, бу билан ҳеч ким қизиқмади. Daryo.uz нашрида қизнинг жасоратини эътироф этиб: «кунига 130-150 кг пахта териб, тўрт мучаси соғ одамларга ўрнак бўлмоқда» деб қайд этилди. Буни мазкур жасоратни эътироф этишда “керагидан ортиқча уриниш” дейиш мумкин, бундай ибораларни қўллаш мақсадга мувофиқ эмас.

    Янги форматлар борми? Йўқ, учратмадик

    Ўзбекистон медиасида пахта мавзуси ҳақиқатан кенг тарқалган мавзулардан бири. Фақат сентябрь ойининг ўзида бу ҳақда мингдан ортиқ ахборот эълон қилинган. Лекин уларнинг аксарияти ҳабар кўринишидаги кичик материаллардан иборат. Кўп ҳолларда рақамлар “қалаштириб” берилади ва бу хабарларни ўқиб қувониш керакми ёки йўқ – тушуниш қийин. Таққослаш йўқ ва ўқувчи жорий йил мавсумига оид вазиятни англаб етишга қийналади: бу хабар аҳолининг кундалик ҳаётида қандай таъсир кўрсатишини тушунтириб бера оладиган бэкграундлар йўқ. Пахта соҳасида фаолият юритаётганлар учун ҳам, ҳосилни йиғиб олишда вақтинчалик жалб қилинган теримчилар ҳам ўрин олган, қизиқарли далиллар ва кўплаб рақамлар мавжуд мавзу аксарият ҳолларда бир ёқлама ва жуда “қуруқ” услубда ёритилади. Инфографика, интерактив хариталар ва шу каби мультимедиа форматлари деярли йўқ.

    Республика пахтачилик соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда, лекин, медиа аввалгидек ўтмиш соясида қолган кўринади.

    Навруз Хуррамов
    Навруз Хуррамов
    Журналист, редактор

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read