No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидҚорақалпоқча реклама: у қандай?

    Қорақалпоқча реклама: у қандай?

    Реклама бозорда маҳсулот харидоргирлигини таъминловчи асосий омиллардан биридир. Аммо «қорақалпоқча реклама»нинг ўзига хос хусусиятлари бор. Мақоламизда шулар ҳақида сўз юритамиз.

    «Ўқишга имтихонларсиз кириш имконияти бор»!

    Ёз-куз ойларида маҳаллий телеканалларда («Qaraqalpaqstan», «AMU TV», «Jaslar») олий ўқув юртларига имтиҳонларсиз ўқишга киритишни ваъда қилаётган рекламалар сони кескин ошди. Нукус шаҳрида чет давлатларнинг олий ўқув юртларига ўқишга киришга ёрдам берувчи консалтинг марказлари кўпайиб кетди.

    Хуллас, консалтинг марказлари имтиҳонсиз талаба бўлиш орзусидаги ёшларни жалб этиш учун маҳаллий телеканалларда ўзаро пойгага киришишди. Бундай рекламалар таҳлилини дастлаб Education Network консалтинг марказидан бошлаймиз. Марказнинг рекламасида «Сиз фақат мутахассисликни танлайсиз, бошқа ҳамма нарсани Education Network ҳал қилади» дейилади. Хўш, консалтинг марказлари ҳамма нарсани ҳал қилса, талабаликка номзод нима қилади?

    Бир консалтинг маркази реклама ролигида ҳатто ўқишни Ўзбекистонга кўчиришга ҳам ёрдам берамиз деб, у орқали чет давлатга ўқишга кириб, кейин ўқишини маҳаллий университетларга кўчирган талабларни «Сиз ҳам ушбу хизматдан фойдаланинг» деган чақириғини жойлаштиради. Аммо яқинда «O’zbekiston 24» канали орқали ташкил этилган пресс клубда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов шундай фикр билан чиқиш қилган эди:

    — Келаси йилдан бошлаб чет давлатдан ўкишини кўчиришда талаба танлаган йўналишига кириш балли неча балл бўлган бўлса, шу балл ўтиш балли ҳисобланади. Масалан, математика йўналиши ўтиш балли 120 балл бўлган бўлса, келаси ўқув йилида мана шунча бални тўплаганларга чет давлатлардан ўқишини кўчиришга рухсат берилади.

    Мантиқан олиб қараганда, маҳаллий ўқув юртларига ўқишга кира олмаган абитуриентлар келаси йили ўқишини Ўзбекистонга кўчириш илинжида юқорида тилга олинган консалтинг марказлари таклифини қабул қилди ҳам дейлик. Ўқишга имтиҳонларсиз қабул қилинган талаба қандай қилиб маҳаллий ўқув юртларига топширган абитуриентлар тўплаган максимал баллни тўплаши мумкин?! Бу томони қоронғу, у ҳақда рекламада лом-мим дейилмайди.

    D-Education маркази эса талабаларни ўқишга жалб этиш учун эмоционал-экспрессив лексикадан тўлиқ фойдаланишга ҳаракат қилади. Унинг реклама ролигида шундай сўзлар янграйди: «Бир неча йилдан буён ўқишга кира олмаяпсизми? Ишдасиз, ўқиб-ўрганишга вақтингиз йўқми? Унда сиз учун зўр имконият бор. Бизнинг ўқув марказимиз Москва халқаро университетига ҳеч қандай имтиҳонларсиз талаба бўлиш имкониятини яратади».

    Бу рекламани кўрган ёш томошабинларда ҳеч қандай меҳнатсиз, билимсиз ҳам ўқишга кириш мумкин экан-да, деган янглиш фикр пайдо бўлиши мумкин. Рекламага ишонадиган бўлсак, ўқишга кириш учун ният билан орзунинг ўзи етарли. Ўқиб-ўрганиш, билим олиш эса иккинчи даражали масала!

    Акция, акция яна акция

    Қорақалпоғистон телеканалларида бирваракайига турли маҳсулотлар билан боғлиқ хилма-хил акциялар мавсуми тез-тез такрорланиб туради. Ёз ойларида «Хам-хам» маркаси остида ичимлик сувлари ва маккажўхори қаламчалари рекламаларида ушбу маҳсулотни сотиб олганлар акция қатнашчисига айланиши мумкинлиги ҳақида маҳаллий телеканалларда бот-бот айтилади. «Хам-хам» сувлари рекламасида «»Ы» операцияси ёки Шурикнинг бошқа саргузаштлари» фильми қаҳрамонлари ҳаракатларини такрорлаган қорақалпок кулгу усталари “Хам-хам” чойини ичиб, маҳсулот акциясини таништиради. Бир томондан, ғоя тўғридан-тўғри кўчирилган бўлса, иккинчи томондан, фильм ғояси рекламада таништирилаётган маҳсулот моҳиятини очиб бермаган. Сюжет билан маҳсулот ўртасида боғлиқлик йўқ. Реклама телетомошабинни ўзига ром этмадими, маҳсулотнинг бозори ҳам юрмайди.

    Яна бир рекламада Baoyu тикув машинасини сотадиган фирма томонидан ўтказилаётган акция ҳақида сўз юритилиб, аудитория тикув машинаси билан таништирилади. Аммо реклама бошида Нукус шаҳридаги «Sheikh» кафесининг пешлавҳаси кўриниб қолади. Актерлар ҳам ўз сўзларида кафе номини такрорлайди:

    — Азиз оға, қандай?
    — Келдингми, ўтир.
    — Бу нима, Sheikh кафесида ўтирибсиз?

    Ваҳоланки, ушбу рекламанинг асосий мақсади Baoyu тикув машинасини реклама қилиш эди…

    https://youtu.be/YMv_aKQyvVM

    Фикримизча, бу – яширин реклама. Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонуни 14-моддасида яширин реклама тақиқланади: «Яширин рекламадан радио-, теле-, видео-, аудио- ва кино маҳсулотда, шунингдек бошқа маҳсулотда фойдаланишга ва уни ўзга усуллар билан тарқатишга йўл қўйилмайди».

    «Авто Келешек Нур» автомактаби рекламасида эса қизиқарли бир ҳолатни кузатиш мумкин. ДАН ходими катта йўлда янги машинани тўхтатиб, ҳайдовчидан «Қайси мактабни тугатдингиз» дея сўрайди, ҳайдовчи эса «Авто келешек Нур. Автошкола» деб жавоб беради. ДАН ходими эса «Асосийси Қ ни унутманг» дея насиҳат қилади. Бу сўзлардан ёш ҳайдовчи довдираб қолади, бир зум сукутга чўмади. ДАН ходими асосийси «Қ» (қоидани демоқчи)ни унутманг деганидан сўнггина ҳайдовчи ўзига келади. Қаранг, «Қ» дейилганда ҳайдовчининг хаёлига ҳам умуман бошқа нарса келади. Реклама ролигидаги бу каби сўз ўйинларида анча сергак бўлиш керак…

    Юздаги доғларни кетказиш учун Ҳиндистонга

    Телеканаллардаги рекламаларда ичакузди ҳолатлар кўп. Масалан, «Jaslar» телеканали орқали эфирга узатилиб келаётган Хоразм вилоятидаги «Тери ва саломатлик» клиникаси рекламасида ҳам шундай ҳолатларни учратиш мумкин. Нукус халқаро аэропорти олдида бир киши ўз дўстини учратиб қолади ва бири иккинчисидан «Дўстим, қаерга кетяпсан?» деб сўрайди. «Мана, юзларимни кўрмайсанми, доғ босиб кетди, шуни йўқ қилиш учун Ҳиндистонга кетяпман» деб жавоб беради иккинчиси. Юздаги доғларни кетказиш учун Ҳиндистонга бориш, аслини олганда, мантиққа тўғри келмайдиган ҳолат. Бош қаҳрамон реклама охирида уйига борса, унга эшикни очишмайди. Шунда у «Мен Хоразмга бориб, юзимдаги доғларни йўқ қилиб келганимдан сўнг мени танимай турибсан, оч дейман» дейди. Қизиқ, юзидаги доғлари кетган одам танимас даражада ўзгариб кетиши мумкинми?!

    Бир ҳафтада соғайтиб юборадиган хусусий клиникалар ҳам кўпайиб кетибди. «ATV» телеканали орқали эфирга узатилган «Олтин камон» хусусий клиникаси рекламаси интервью шаклида ташкил этилган. Яъни унда клиникада даволанган инсонлар клиника ҳақидаги фикрлари билан бўлишишади. Ушбу фикрларга эътибор қаратсак: «Шу ердан шифо топдим, “Олтин камон”дан. Грижам бор эди, белим, бурнимни операция қилишим керак эди. Шу ерда етти кун бўлдим, мана, буткул соғайдим». Иккинчи бир бемор ҳам тезда оёққа туриб кетган: “Мана, мен шу ерга келганимда икки оёғим, икки қўлим шишиб кетган эди. Келганимда суяб олиб киришди. Юра олмай қолган эдим. Худога шукур, бу ерга келганимдан буён оёқ-кўлларим яхши, юряпман. Қўлларим яхши кутариляпти. Банка, олтин игна қўйишяпти. Даволаш муолажаларини вақтида қилишяпти.

    Ажабо, анча йиллардан буён касал бўлиб ётган одам бир ҳафтада соғайиб кетиши мумкинми? Рекламада на даволаш усуллари, на даволаётган шифокорлар ҳақида сўз юритилади. Роликни даволаш жараёнлари тасвири билан бойитиш кўпроқ самара берган бўлар эди.

    Телеканаллардаги реклама блокларининг эътиборни тортадиган жиҳати кўрсатувлардан кўра овози баланд эканлигидадир. «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасида шундай дейилади: “Дастурларнинг реклама қисмлари товушини телерадиодастурнинг товушига нисбатан баландроқ қилиш тақиқланади”.

    Мақолада Қорақалпоғистон телеканалларида эфирга узатилаётган рекламаларнинг ўзига хослигига бироз эътибор қаратдик. Хулоса қиладиган бўлсак, телеканалларда рекламаларнинг эфирга жойлаштирилишини мувофиқлаштирувчи орган етишмаётгани кўзга ташланмоқда.

    Хурмет Атажанов
    Хурмет Атажанов
    Доцент кафедры журналистики Каракалпакского государственного университета имени Бердаха.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read