No menu items!
More
    ДомойТасмаЗиддиятлар: журналистика ёки ахборот уруши? MediaCAMP Fest муҳокамасидаги тезислар

    Зиддиятлар: журналистика ёки ахборот уруши? MediaCAMP Fest муҳокамасидаги тезислар

    Марказий Осиё бутун дунё каби можаролар теварагида журналист ва муҳаррирлар учун ҳақиқий профессионаллик даражасини имтиҳон қилди. Эҳтимол, энг нозик мавзу #MediaCAMPFest2022 тадбирида кўтарилди, унда маърузачилар нооддий вазиятларда ишлаш тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди. Учрашувни қозоғистонлик журналист ва медиа эксперт Зарина Ахматова олиб борди. “Янги репортёр” маърузачилар чиқишидаги айрим қизиқарли нуқталарни ёзиб олди.

    Дмитрий Шишкин, қозоғистонлик журналист, Shishkin Like лойиҳаси асосчиси, январь тўқнашувларини эслади. Ўшанда у таниқли савдо тармоғининг PR хизматида ишлаган ва Интернет ҳамда  алоқадан узилган омма учун маълумот олувчи ва журналистлар учун ахборот узатувчи вазифасини ўтаган:

    – Ушбу воқеалар кўплаб мустақил медиа учун туртки бўлди ва Telegram каналларнинг оммалашиш даражаси бир неча кун ичида кескин ошди. Бу ягона маълумот манбаси эди. Мен дунё билан алоқага чиқиш учун СМС имкониятидан фойдаландим. Маълум бўлишича, у жуда қиммат экан – менга кунига 50 долларга тушди. Белгилар чегараси, худди Twitter тармоғида бўлгани каби, ахборотга бошқача қараш, уни қисқа, аниқ, ҳиссиётсиз етказишни талаб қилди.

    Агар сиз журналистик материал қилаётган бўлсангиз, масалан, янгиликлар, сизнинг вазифангиз барча ҳис-ҳаяжонли сўзлардан воз кечишдир. Бу ўз аудиториянгизга бўлган ҳурмат, улар учун қайғуриш ифодасидир. У ерда сиздан ақллироқ одамлар бор. Одамга ахборот беринг, етарли бўлади. Бу ҳақда унинг ўзи ўйлайди.

    Зебо Тожибаева, тожикистонлик, Your.Tj асосчиси ва бош муҳаррири, катта тажрибага эга муҳаррир сифатида ўзи ҳам ахборот урушига қандай аралашиб қолгани ҳақида гапирди:

    – Ҳозир бизнинг учрашувимиз Тожикистонда блогер ва журналистлар суд қилинаётгани, улар узоқ муддатга ҳукм қилинаётгани фонида ўтмоқда. Менимча, буни айтиш жуда муҳим.

    Ватанпарварлик мен учун таъсир қилиш воситаси эмас, ҳодиса ёки ахборот урушида менинг ролим ўз ватанимни ҳимоя қилишим. Ватанпарварлик – бу тинчликнинг шаклланишига ҳар қандай кўринишда ҳисса қўшиш имконияти ва истагидир. Ватанпарварлик ва профессионаллик – ахборот уруши иштирокчисига айланмасликка асос бўладиган иккита асосий жиҳатдир.

    Учинчи муҳим жиҳат – журналист этикаси, у “зарар етказма” тамойилига асосланган. Мен ҳар бир материалга шу призма орқали ёндошаман. Бир неча йил аввал Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги риторика унчалик кескин бўлмаган вақтда, эътибор берсангиз, қурбонлар камроқ бўлган. Ўлдириш, ўт қўйиш, зўравонлик қилиш ҳақидаги қарорлар ҳокимият томонидан эмас, балки халқнинг ўзи томонидан қабул қилинмоқда. Биз, журналистлар қандай йўл кўрсатксак, одамлар шундай ҳаракат қилади.

    Мен ахборот урушининг бир қисмига айланиб қолдим. Тўхтай олмадим. Бу ўзига бўйсинтирувчи ва ўзидан қўйиб юбормайдиган тўлқин. Зиддиятлар пайтида муҳим бир нарса юз берди: Ўш вилоятилик аёл ҳамкасбим: “Нима бўлишидан қатъий назар, мен сени яхши кўраман”, деб ёзди. Бу жуда муҳим эди: ҳамма нарса мураккаблашган пайтда биз шундай бир-биримизга ёрдам қўлини чўздик ва чуқурдан бир-биримизни тортиб олдик.

    Дарина Солод, Hook.report бош муҳаррири, Ўзбекистон, таҳририятлар жорий йил июль ойида Қорақалпоғистонда рўй берган тартибсизликларни қандай ёритгани ҳақида гапирди:

    – Вазият ҳамма учун мураккаб эди. Таҳририятимизга одамлар оммавий йиғилиб, талаблар қўяётгани ҳақидаги видеолар кела бошлади. Мамлакатда интернет тармоғи чекланди ва бу келаётган ахборотни текширишни анча мураккаблаштирди.

    Қорақалпоқ тили ўзбек тилидан фарқ қилиши Телеграм каналларида тушунмовчиликлар кучайишига сабаб бўлди. Асосан, бунда ахборотни бузиб, оловга мой сепадиган аноним одамлар гуруҳининг қўли яққол кўриниб қолди.

    Биз Қорақалпоғистондаги воқеаларни ёритишга масъул рўйхатдан ўтган ва материаллар учун расмий мақомга эга ягона ОАВ бўлиб чиқдик. Хавфсизлик нуқтаи назаридан, юзага келиши мумкин бўлган оқибатларга йўл қўймаслик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг собиқ ходимлари билан маслаҳатлашдик. Масалан, уларнинг тавсиясига кўра, биз товушли гранаталарни граната деб атамадик. Негаки, биз у ерда бўлмаган ва ўз кўзимиз билан кўрмаган эдик, акс ҳолда бу давлат томонидан эътирозга олиб келиши мумкин эди.

    Биз ўзимиз учун аниқ белгилаган ва амал қилган умумий тамойил шу бўлдики, биз текшира олмайган маълумотни эълон қилмаймиз.

    Одил Турдуқулов, “ТВ-Академия” жамоат фонди раҳбари, Қирғизистон:

    – Ўйлашимча, Марказий Осиёдаги воқеалар ташқаридан рағбатлантириб турилган. Бунга қандай қарши туриш кераклигини англаб олишимиз лозим. Бунинг якуний мақсади 2022 йил намунасидаги Совет Иттифоқини яратишдан иборат. Шу мақсад билан Марказий Осиёдаги вазият беқарорлаштирилмоқда.

    Биз Украинада бўлганимизда, ҳамкасбларимиз айтишди: “Уруш Донбасс ажралиб чиқиши керак, деган экстремистик риторикани тақиқламаганимиз оқибатида келиб чиқди”, деб айтишди. Бу Россия медиаси ва Украинадаги россияпараст медиалар томонидан амалга оширилди.

    Ҳеч бўлмаганда моҳияти аслида Марказий Осиёда тарғибот-ташвиқот олиб бораётган Россия федерал каналлари янгиликлари ва ток-шоуларини тақиқлаш ҳозирда энг долзарб масала. Улар нафақат Украина, балки Марказий Осиё халқлари ўртасида алоқаларни бузиш ва узишга қаратилган. Чунки, бирлашган Марказий Осиё Путин сиёсатига бевосита қарши куч.

    Қарама-қаршиликнинг яна бир усули — дунёда ва биринчи навбатда Украинада содир бўлаётган воқеаларга эътибор, чунки бу бизга тегишли. Бизнинг мамлакатларда, афсуски, содир бўлаётган воқеаларга муносабат у қадар холис эмас. Марказий Осиёда умумий фокус, ахборот майдони ва инсон ҳуқуқлари секторини яратиш ҳозир биз учун энг муҳим вазифадир.

    Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида содир бўлган воқеаларни катта фожиа ва оғриқ деб аташ мумкин. Бу ерда икки давлатнинг сиёсий тизими муҳим рол ўйнайди. Қирғизистон учта инқилоб ва минглаб митингларни бошдан кечирди. Асосан, сиёсий кун тартибни айнан одамлар белгилайди. Матбуот айни ҳукуматнинг сиёсий кун тартибига тиш қайраган. Бизга ташқаридан сингдирилган барча уйдирмалар журналистларнинг профессионаллиги туфайли осонлик билан барҳам топди.

    Наталья Лигачева, “Детектор медиа” ННТ асосчиси ва раҳбари, Украина:

    – Бизда бир сония бўлса ҳам ҳеч нарсани ўчгани йўқ. Барча йирик телеканаллар телемарафонда бирлашдилар. Ҳозир уларнинг сони олтита, улар навбат билан эфирга чиқишади. Аммо уларнинг барчаси ўша пайтда ҳам, ҳозир ҳам битта телемарафонни эфирга узатмоқдалар. Гарчи бу ташвиқот қилинмаса ҳам, барчаси давлат томонидан мувофиқлаштирилади. Урушнинг дастлаб кунларида бу жуда зарур ва муҳим эди, чунки бутун мамлакат аудиторияси ягона маълумот олиши мумкин бўлди. Бу ҳам одамлар, ҳам медиа ходимлари учун бирлашиш лаҳзаси бўлди. Аҳоли ахборотни текширишга вақт сарфламаслиги керак эди. Ҳозир аксарият одамлар ушбу марафондан чиқиш вақти келган, деб ҳисоблайди.

    Босиб олинган ҳудудларда энди Украина телевидениеси йўқ. Ишғолда қолган аҳоли учун мавжуд ягона нарса бу радио ва у ҳам доим эмас. Ижтимоий тармоқ ва Телеграм каналларининг оммавийлиги кескин ошди.

    Журналистика ҳиссиётга мойиллашди. Буни ўша марафон мониторингида ҳам кўришимиз мумкин. Биз медиа детектори сифатида буни танқид қиламиз. Лекин баъзида тушунамизки, айрим баҳоларни хаспўшлаш мумкин эмас, агар журналист баъзи нарсаларни алоҳида гапирса, томошабин тушунмайди. Масалан, Бучадаги ваҳшийликлар ҳақида.

    “Босқинчилар” сўзи биз учун факт. Биз буни стандартнинг бузилиши деб ҳисобламаймиз. 2014 йилда биз “яшил одамчалар” – улар рус ҳарбийлари эканини айтмаганимиз хато бўлган. Ҳар доим ҳам мувозанат шарт эмас, ҳақиқатни айтиш керак. Агар рус аскарларини кўрсангиз, бу рус аскарлари деб айтинг. Агар улар сепаратист бўлса, демак улар сепаратист. Урушми, унда уруш. Биз “орклар” ва “рашистлар” деб айтилишини стандартларнинг бузилиши деб ҳисоблаймиз, чунки булар ҳақиқатан ҳам ҳиссий жиҳатдан зарядланган сўзлар ва ҳақиқий манзарани кўрсатмайди.

    Марта Ардашелия, SOVA.News асосчиси ва бош муҳаррири, Грузия.

    — Грузия харбий сафарбарликдан қочаётган русларнинг асосий оқимини қабул қилишига тўғри келяпти. Сафарбарлик эълон қилинган кундан бери Грузия ҳудудига 120 минг Россия фуқароси кириб келди. Грузия каби бор-йўғи 3,5 миллион аҳолиси бўлган давлат учун бу муҳим ўзгариш. Жамиятдаги муносабат анча ноаниқ. Бу фуқаролар ушбу чақириқ олдида ўзларини ҳимоясиз ҳис қиладиган ички сиёсий вазиятга тааллуқлидир.

    Биз рус тилидаги нашрмиз. 2008 йилги урушдан кейин Тбилиси расмийлари ахборот уруши муҳим таркибий қисм эканлигини ва улар Россия қилаётган ишларга жавоб беришлари кераклигини англаб етди.

    2016 йилда Грузияда биринчи сиёсий партия пайдо бўлди, у ўзининг россияпарастлигини яширмайди. Кейин биз рус тилидаги ОАВ ғоясини қандайдир тарзда тиклашимиз керак, деган қарорга келдик, чунки бу Россияга нисбатан чора эди ва аҳоли учун медиасаводхонлик ғоялари ҳақида гапириш ҳам жуда муҳим. Биз бу ҳақда баралла гапиришга қарор қилдик. Биз Грузиядан рус тилида эшиттириш олиб борувчи рус тилидаги ОАВ эканмиз, биз ҳақиқатда нима бўлаётгани ҳақида гапиришимиз керак. Албатта, биз буни барча стандартларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширамиз. Бизнинг ўз позициямиз бор – Грузияни Европа ривожланиш стандартлари асосида тараққий топтириш. Биз буни ҳамма жойда таъкидлаймиз ва бизнинг ўқувчи бу ҳақда яхши билади.

    Сифати юқори ОАВ сифатида бизнинг вазифамиз – нима бўлаётгани, мураккаб масалалар ҳақида очиқ гапириш. Бундан қўрқмаслик. Муҳими, ҳозир бизда ахборот бор, биз уни таҳлил қила оламиз. Аудиторияни ҳақиқат қаерда, манипуляция қаерда, сохталик қаерда эканлигини тушунишга ўргатиш муҳим. Ва менимча, биз ушбу миссияда ўз кичик ишимизнинг бир қисмини бажаряпмиз.

    Галина Васильева, Newsmaker.md бош муҳаррири, рус ва румин тилларида фаолият юритади, Молдова:

    — Молдовада эркин медиа мавжуд ва фуқароларнинг танлаш имконияти кўп. Аммо улар барча ижтимоий тармоқларда га олиб борилаётган ахборот урушларида ютқазади. Молдовада айнан ижтимоий тармоқ ва аноним каналлар сохта ахборот тарқатиш билан машғул.

    Молодовда Россия ишлаб чиқараётган ахборот-таҳлилий теледастур ва ток-шоуларни қайта трансляция қилиш тақиқланган, бироқ Россия каналларининг мамлакатдаги қайта трансляцияси давом этмоқда. Улар ҳамон жуда оммабоп. Бунинг натижаси, сўровларга кўра, у ёки бу тарзда Россиянинг Украинадаги тажовузкорлигини оқлайдиган мамлакат аҳолисининг 40 фоизи мисолида акс этади.

    Ҳар бир журналистнинг ўз фуқаролик позицияси бор. Таҳририятда урушни махсус операция эмас, балки уруш деб аташ учун махсус режаланган йиғилиш ўтказилмаган.

    MediaCAMP Fest USAID Central Asia – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида ўтказилмоқда. Маърузачилар фикри USAID ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини акс эттирмайди.

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read