No menu items!
More
    ДомойМедиа танқид«Эр ўз хотинини калтаклади ва унинг ўлимига сабабчи бўлди»: Ўзбекистон ОАВ оилавий...

    «Эр ўз хотинини калтаклади ва унинг ўлимига сабабчи бўлди»: Ўзбекистон ОАВ оилавий (маиший) зўравонликни қай тарзда ёритмоқда

    Яқинда «Гендер зўравонлигига қарши 16 кунлик фаол қаршилик» глобал кампания ўз якунига етди ва ҳар йили у 25 ноябрдан (Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни) 10 декабргача (Инсон ҳуқуқлари куни) ўтказилади. Кампания 187 дан ортиқ мамлакатларда олти мингдан ортиқ ташкилот иштирокида ўтказилди ва 300 миллион кишини қамраб олди.

    Жорий йилда ўнлаб оилавий зўравонлик ҳолатлари Ўзбекистонни ларзага солди. Ижтимоий тармоқларда ҳар сафар катта резонансга сабаб бўлди ва фойдаланувчилар расмийларни бундай жиноятларга нисбатан жазони кучайтиришга чақиришди. Ҳозирча, аксарият ҳолларда жабрланганларнинг янада кўпроқ зўравонликларга дучор бўлишларидан қўрқишлари ва «уйдаги гапни кўчага олиб чиқилмасликлари» сабабли айбдорлар мамлакатда жазосиз қолмоқда. Бироқ, очиқлик зўравонликни йўқ қилиш йўлидаги биринчи қадамдир, чунки у муаммони кўрсатади ва натижада биз унинг кўламини англаб олишимиз мумкин.

    Медиатанқидчи Умида Маниязова ўзининг шарҳида Ўзбекистон ОАВ гендер зўравонлигини қай тарзда ёритаётганини кўриб чиқди.

     Фактлар

    Жорий йилда Ўзбекистонда рўй берган шов-шувли ҳолатлардан бири август ойи охирида Тошкент яқинида содир бўлган воқеа бўлди, эркак дастлаб боғчада ўз хотинини тарбияланувчилар кўз ўнгида калтаклаб, бўғиб ўлдирмоқчи бўлган, бир кундан кейин эса аёл бир неча ой олдин эридан қочиб келган ота уйида ўлдирилган.

    26 август куни интернетда эркак киши боғчада аёлни калтаклаб, бўғаётган акс этган видео пайдо бўлди. Саҳна ортида қўрқиб кетган болаларнинг қичқириғи, йиғиси эшитилади. Видео нафақат Ўзбекистоннинг ўзида, балки республикадан ташқарида ҳам кўплаб нашрларда ёритилди.

    Бош прокуратура маълумотларига кўра, дўппослаш билан боғлиқ ҳолат 24 август куни содир бўлган. Ўша куннинг ўзида Мактабгача таълим вазирлиги ҳолат юзасидан муносабат билдириб, «дўппосланган аёл НМТТда умуман иш фаолиятини олиб бормаган»лиги ва оилавий жуфтликнинг «мактабгача таълим ташкилотига умуман алоқадор эмас»лигини айтган. «Ушбу эр-хотининг тортишуви аввалига кўчада бошланган, сўнг эрини калтагидан қочган аёл, кўзи тушган дарвоза томон қочиб кириб яширинмоқчи бўлган, сўнг эр хотинини кетидан кириб жанжал ҳолати НМТТ ичида давом этган», — дея вазирлик хабар берган  ва ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тергов ишларини амалга ошираётганини қўшимча қилган.

    МТВ баёнотидан кўриниб турибдики (у қотилликдан бир кун олдин эълон қилинган), идора вазиятдан йироқлигини кўрсатмоқда. Балки, вазирлик баёноти Бош прокуратура аёлнинг ўлдирилиши бўйича маълумот берганидан кейин тайёрланганида эди, хабар бутунлай бошқача характерга эга бўларди.

    26 август куни кечқурун Бош прокуратуранинг хабарига кўра, 25 август куни эркак қайнотасини уйига эшикдан ошиб тушиб, «оилавий муаммолар туфайли отасини уйида яшаб келган» 24 ёшли турмуш ўртоғи ётоқхонасига киради. Эркак бири икки, иккинчиси тўрт ёш бўлган болалари кўз ўнгида турмуш ўртоғининг бўйин соҳасига ошхона пичоғи билан тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Шундан кейингина уни ҳибсга олишган, омма олдида содир этган зўравонлигидан кейин ҳам у озодликда юрган. Маҳаллий ахборот агентликлари эса, худди бир-биридан кўчиргандек, ҳолатни ҳиссиз иш юритиш тилида ёритишган.

    Daryo.uz қотиллик содир бўлган пайтда эркакни «ғирт маст аҳволда» деб таърифлаб, унинг жинояти оғирлик даражасини камайтиришга ҳаракат қилган, гарчанд бу ҳақида Бош прокуратура хабарларида келтирилиб ўтилмаган бўлса-да. «Ғирт маст аҳволда бўлган эр эса аёл билан кўришган заҳоти бўйнига пичоқ тирайди ва уришиб, уни қийнаб азоблайди. Кейин ҳайвонни бўғизлагандек сўйиб ташлайди. Сўнг ўзи воқеа жойидан қочиб кетади», — деб, ёзган муаллиф.

    Ўзбек тилида фаолият олиб борадиган Qalampir.uz нашри эркакни таърифларкан, худди шундай таърифлардан фойдаланган ва ижтимоий тармоқлардаги постларга ҳавола қилган.

    Ўзбекистон ОАВ кўпинча «ақлдан озиш ҳолати» ёки «мастлик ҳолати»ни сабаб қилиб келтириб, бу сўзларни ҳатто сарлавҳаларда ҳам қўллаш орқали қотиллик содир бўлишига қарамай, зўравонлик ёки жиноятчига нисбатан ўзларининг шахсий ачиниш муносабатини билдиришмоқда.

    Шундай ҳолатлардан бири 22 ноябрь куни Kun.uz портали орқали маҳаллий ҳокимият органларга таянган ҳолда, «маст эр хотинини уриб ўлдирган»лиги эълон қилинган.  «Маст» сўзи сарлавҳада келтирилган, тизерда ҳам биринчи келган ва хабарнинг ҳар бир бандида яна беш марта қўлланилган. Нашр «эркак аёлини дўппослайди ва оқибатда у вафот этади» иборасини қўллаш орқали, «ўлдирди» иборасини қўллашдан қочган, жиноятни оғирлик даражасини аудитория наздида камайтиришга ҳаракат қилиб, содир бўлган воқеаларни бузиб талқин қилган.

    Рус тилида фаолият юритадиган Vesti.uz ёш аёлнинг ўлдирилганлиги ҳақида хабар бериб, қўрқинчли ҳикоялардаги сўзлардан фойдаланган. «Фарғоналик қайнота келинининг бошини кесиб ташлади» сарлавҳадаги икки хатбошили мақолада айтилишича, «қотил бахтсиз аёлнинг жасадини ахлатхонага олиб бориб, бошни танадан жудо қилган ва ахлатга кўмиб ташлаган», «саллоҳ бошни фермага, вилоятнинг бошқа туманига олиб кетган». Таъкидлаш жоизки, муаллифлар ҳолатни батафсил ёритишга уринишмаган, лекин суд ва тергов жараёнларисиз гумонлановчини қотилга чиқаришган.

    Ўзбек тилидаги eltuz.com нашри Aсалхоней лақаби билан танилган блогер Aсал Хўжаеванинг ўлдирилиши ҳақида хабар бериб, сарлавҳани «Интим жанжалларда айбланган блогер Aсалхоней ўлдирилди» деб номлаган. Бундан ташқари, ушбу мақолага илова қилинган видеода, ОАВнинг бош саҳифасида ўлдирилган аёлнинг очиқ либосда акс этган фотосуратлари жойлаштирилган. Шунингдек, мақолада Aсал Хўжайеванинг «интим-блогерлик ва жинсий алоқа хизматларини кўрсатиш билан шуғуллангани» қайд этилган. Материалда eltuz.com яна хабар беришича, «Aсалхоней 2020-йилда икки марта Мирзо Улуғбек тумани ИИБга чақирилган ва у ерда у ҳовузда сузаётган ва турли хил кийимларда тушган шахсий фотосуратларини жойлаштиргани учун расман огоҳлантириш олган». Aсал Хўжаева бунинг учун «бутун халқдан узр сўради», деб ёзади газета гўё қотилликдан олдинги воқеаларни тасвирлагандек. Нашр ўша материалда унинг ўлдирилишидан икки йил аввал содир бўлган воқеани ёдга олади ва унда айтилишича, Aсал Хўжаева «навбатдаги мижозни беҳаё сўзлар билан ҳақорат қилган» ва унинг овозли ёзувлари интернетга жойлаштирилган. Натижада аёл «майда безориликда айбланиб, беш суткага қамалган».

    Яъни, нашр матнида бир неча марта виктимизациясини (ёки виктимблейминг, инглизча Viсtim blaming – жабрланувчини айблаш, муал. таър.) қўллаган, гўё ўлимида аёлнинг ўзи айбдор эканини ўқувчига тушунарли қилиб кўрсатгандек.

    Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг материалларини таҳлил қилар эканмиз, таҳририятлар гендер (маиший) зўравонлик мавзуларини муҳокама қилишдан қочаётгани, идоравий иш юритиш тилида такрорлановчи хулоса-хабарлар ва уларнинг пресс-релизлари билан чекланаётганини кўриш қийин эмас.

    Aйрим муҳим шахсларнинг, хусусан, гендер зўравонлиги билан боғлиқ шов-шувли воқеаларни фаол шарҳлаётган мамлакат президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёеванинг эътиборини тортган ҳолатлар бундан мустасно. Фақатгина бундай шарҳлар ва расмийларнинг «олға» чақириғига ўхшаш реакциясидан сўнг нашрлар зўравонлик ҳолатлари ҳақида чуқурроқ гапира бошлайди, мутахассисларни жалб қилади ва шарҳлайди.

    6 декабр куни «Гендер зўравонлигига қарши 16 кунлик фаол қаршилик» глобал кампанияси доирасида Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Тошкентда зўравонликка қарши кураш бўйича халқаро конференсия ўтказилаётганини маълум қилди.

    «Бугунги кунда давлат томонидан қарор қабул қилиниши зарур бўлган иккита долзарб мавзу бор. Биринчидан, вояга етмаганлар билан алоқа қилганлик учун жазо чораларини  кучайтириш лозим. Иккинчидан, оиладаги зўравонликни криминаллаштириш вақти келди. Зўравонликка қарши курашнинг ҳамма тармоқларда ишлайдиган, пухта мувофиқлаштирилган механизмини яратиш керак. Бунга барча тегишли идора ва вазирликлар, шунингдек, нодавлат сектор ва ОАВнинг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти киради. Биз қонунлар ёрдамида жамиятга аниқ сигнал беришимиз керак: аёл зўравонликка қарши эмас, балки давлат зўравонликнинг барча кўринишларига қарши қалқондир», — дея ёзган Саида Мирзиёева.

    Хулосалар

    Гендер зўравонлиги тўғрисидаги материалларда Ўзбекистон ОАВ оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва жабрланганлар қаерга мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақида маълумот берилмайди.

    Репортажларда экспертлар интервюлари мавжуд эмас, шунингдек, оиладаги зўравонлик муаммоси бўйича мутахассислар маълумотларига иқтибос келтирилмаган.

    Баъзида таҳририят содир бўлган воқеада жабрланувчини айбдор қилади ёки, гўёки, жиноятнинг оғирлигини юмшатиб, зўравонни оқлайди.

    Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари гендер зўравонлиги ҳолатларини ўзлари мурожаат қилаётган идоралар иш  юритиш тилида ёритиш билан чекланиб қолган. Нашрлар ушбу ҳолатлар билан боғлиқ тизимни таҳлил қилишга ҳаракат қилмайди. Гендер зўравонлигига қарши фаоллар ёки уларнинг қурбонлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва хотин-қизлар қўмиталари мутахассислари билан бўлган суҳбатлар деярли чоп этилмайди.

    Aудиторияни индивидуал, жамоавий ёки давлат даражасида гендер зўравонлик ҳолатлари олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида хабардор қилиш мумкин бўлганда, таҳририятлар ечимлар журналистикасини амалда деярли қўлламайди.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read