No menu items!
More
    ДомойТасма“Қўрқувни турли шаклда намойиш қилиб, биз уларга фақат ёрдам берамиз”. Медиачи қизлар...

    “Қўрқувни турли шаклда намойиш қилиб, биз уларга фақат ёрдам берамиз”. Медиачи қизлар йиғини иштирокчилари тармоқ ва реал ҳаётда аёлларни таъқиб қилиш мавзусини муҳокама қилишди

    Дунё бўйича журналист аёллар реал ҳаётда ҳам, интернетда ҳам мунтазам равишда таҳдид ва тазйиқларга учраб турадилар. Кўпинча онлайн тажовуз ҳақиқатга айланади ва журналистларнинг яқин қариндошлари ва ҳатто уларнинг фарзандларига ҳам тадбиқ этилади. Бу хавфлар Марказий Осиё медиасида ишлаётган аёлларни сукут сақлашга мажбур қиладими, ва жамият ОАВ вакилаларига нисбатан таҳдидларга қандай қарайди? Мутахассислар ва шундай зўравонлик қурбонлари 16 февраль куни Internews ташкиллаштирган бешинчи медиачи қизлар йиғинида ушбу масалаларни муҳокама қилишди. Суҳбатни Қозоғистон ва Тожикистондаги Internews ташкилоти ходимлари Марина Михтаева ва Лилия Гайсина олиб борди.

    Марина Михтаева медиачи қизлар йиғини иштирокчиларига ЮНЕСКО ва Халқаро журналистлар марказининг журналист аёлларга нисбатан онлайн зўравонлик муаммоси бўйича тадқиқотини тақдим этди. Тадқиқот 2020 йилда 125 мамлакатдаги 900 киши ўртасида ўтказилган. Натижалар 714 аёл респондентнинг фикрини акс эттиради. Муқаддимада муаллифлар иккита асосий хулосани келтиришади: онлайн зўравонликни бошдан кечирган аёл журналистларнинг номутаносиб оғир тажрибаси ва бу ҳодисанинг улар ёритаётган мавзулар билан боғлиқлиги. Аёлларга онлайн ҳужумлар сони кескин ошиб бормоқда, аксарият журналистлар бу ҳақда хабар бермайдилар, оммага ошкор қилмайдилар ва уларнинг раҳбарияти кўпинча бундай ҳодисаларни жиддий қабул ҳам қилмайдилар.

    Марина Михтаева

    Тадқиқотнинг кўрсатишича, сўровда иштирок этган аёлларнинг 73 фоизи ўз иши туфайли онлайн зўравонликни бошдан кечирган, 25 фоизига жисмоний зўравонлик билан таҳдид қилган, 18 фоизи жинсий зўравонликка учраган, 13 фоизининг қариндошлари, болалари, опа-сингиллари ва бошқа яқинларига таҳдид қилинган. 20 фоиз респондентлар ҳақиқий жисмоний тажовуз ва ҳақоратларга дучор бўлган, бунга онлайн таҳдид ҳам қўшилган. Аёлларнинг 47 фоизи гендер мавзусида, 44 фоизи сиёсат мавзусидаги материаллар учун, 31 фоизи инсон ҳуқуқларига оид мақолалар туфайли ҳужумга учраганини эътироф этишди. Иштирокчиларнинг 41 фоизи уюштирилган туҳмат кампанияларининг қурбони бўлганига ишонишади, аммо сўровда қатнашган аёлларнинг атиги 25 фоизи бу ҳақда иш берувчиларига хабар берган. 10% ҳолларда улар ҳеч қандай жавоб олмаган, 9% ҳолларда раҳбарият уларга “ожиза эмас, кучли бўлишни” маслаҳат берган, 2% ҳолларда бошлиқлар ҳужумга нима сабаб бўлганини сўрашган.

    Сўров тажовузнинг қуйидаги турларини аниқлади: нафрат сўзини суиистеъмол қилиш – 49%, исталмаган шахсий хабарлар – 48%, обрўга таҳдид – 42%, жисмоний зўравонлик таҳдиди – 25%, касбий мавқега таҳдид – 23%, жинсий зўравонлик таҳдиди — 18%, кузатув — 18%, шахсий фотосуратларни тарқатиш -15%.

    Онлайн тажовуз нимага олиб келади?

    Аёлларнинг жавобларига кўра, 30% ҳолларда улар ўзларини цензура қилишни бошлайдилар, мулоқот қилишдан қочадилар, илгари шуғулланган аниқ мавзуларни ёки бошқа мавзуларни ёритишдан бош тортадилар.

    БМТ қонунлар ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш учун давлатларга нималарни тавсия қилади?

    БМТ зўравонликка учраган аёлларни провокацияда айбламасликка, зўравонлик фактларини оммага ошкор этишда аёлларни қўллаб-қувватлашга чақиради. Таҳририятларга жабрланувчи ўзига ёрдам берилишига ишонган ҳолда бундай ҳолатлар ҳақида хабар бериши учун гендер чора-тадбирларини олиб бориш тавсия этилади. Расмийлар интернет ҳужумларни текширишлари ҳамда буюртмачи ва ижрочиларни жавобгарликка тортишлари керак.

    – Интернетда аёлларга нисбатан зўравонлик муаммоси ҳақиқатдан йироқ эмас. Тадқиқотнинг тасдиқлашича, бу таҳдидлар ҳақиқатан ҳам гендер оҳангига эга. Жазосизлик муҳити бундай хуружларни рағбатлантиради, журналистларни руҳий тушкунликка солади ва пировардида сўз эркинлиги ва умуман журналистиканинг аҳволига таъсир кўрсатади”, – дея таъкидлайди Михтаева.

    Қозоғистонлик журналист Динара Егеубаева январь ойидаги намойишлар бостирилиши ва Украинадаги уруш мавзусини фаол ёритган. Ўтган йилнинг ноябрь ойида, президентлик сайловлари арафасида унинг автомобили шинасини тешишган, қулфларини елим билан тўлдириб, ойнага артгични ойнага ёпиштириб кетишган. 13 январь куни Егеубаеванинг машинаси ёқиб юборилган. Кўп ўтмай журналист ўғлига тўппонча билан ҳужум қилингани ҳақида хабар берган. Динара Егеубаева оиласига жисмоний ҳужумлар ижтимоий тармоқлардаги ботга ҳужумлар, номаълум рақамлардан қўнғироқ ва хабарлар келишига уланиб кетган.

    Динара Егеубаева

    – Ҳа, ҳаммаси жуда ёқимсиз, ҳаммаси жуда қўрқинчли. Лекин, аслида, мен ўзимнинг асосий саволимга жавоб бердим: мен қанчалик узоққа бора оламан. Агар машинани ёқиб юборишларидан аввал мен бу саволга жавобни билмаган бўлсам, шу воқеадан кейин жавоб топдим. Ўзимга дедим: “Мен охиригача боришга тайёрман”. Бизнинг расмийлар сўнгги чораларгача боришлари мумкинлигини тушунаман. Мен бунга тайёрман ва чекинмайман. Ҳар қандай шаклда қўрқувни намойиш қилиб, биз уларга фақат ёрдам берамиз. Агар биз тўхтасак, бу уларни тўхтатмайди. Бизнинг ҳимоямиз нафақат бу ҳақда гапириш, балки жасорат ҳам бўлиши мумкин. Менинг жасоратим уларни чалғитади, чунки улар ўзини шундай тутиши керак бўлган эркак билан эмас, балки аёл билан муомала қилишади. Мен ҳозирги ҳолатим ҳам босим натижаси. Улар қанча кўп таҳдид қилса, мен шунча фаол бўлдим.

    Your.tj тожик нашри асосчиси Зебо Тожибоева хайрия ишлари билан шуғулланган пайтлари онлайн ва хайтерлик тажовузларига дуч келган.

    – Хайтерлар бизга сабоқ беради. Массаж хизматлари рекламасида менинг телефон рақамимни ишлатишди. Барча телефон рақамларимни, барча маълумотларимни, манзилларимни ижтимоий тармоқлардан олиб ташладим. Ижтимоий тармоқлардаги ҳақоратларга жавоб беришни тўхтатдим, жавоб бермадим, блокладим. Мени қўрқитган ва доим қўрқитадиган ягона нарса шуки, менинг икки нафар вояга етмаган қизим бор. Агар уларнинг исми, туғилган куни, қаерда ўқиши ҳақида билишларини айтишса, сиз синиб қоласиз, бу қадар дадил ва кескир бўлолмайсиз.

    Мади Мамбетов, журналист, профеминист:

    – Жамиятларимизда дискриминация, жинсий таҳдид, мизогиния ҳамма жойда учрайди. Журналистикамизда аёллар ишлай оладиган соҳалар бор, бу ижтимоий жиҳатдан мақбулдир. Бу айнан ижтимоий соҳалар: нафақахўрлар ҳақида ҳикоялар, гендер муаммолари. Эркаклар сиёсат, иқтисод, спорт мавзулари билан машғул. Эркакларга кўпроқ вазмин, мулоҳазали деб қаралади. Мен эркаклар ҳам, аёлларнинг ҳам қўл остида ишлаганман. Менинг тажрибам шуни кўрсатадики, аёллар ҳар доим ақллироқ раҳбар бўлишган.

    Аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ таҳдидларга учрашади. Эркак жасур, у ўзини ҳимоя қила олади, кучи устукн келиши ҳам мумкин, шу туфайли улардан ҳавфсирашади. Аёллардан эса бундай хатти-ҳаракатлар кутилмайди ва муҳокама қилинади. Қозоғистонда журналистларга ҳужум қилганлар асосан оила аъзолари ва дўстларига таҳдид қилиш билан ажралиб туради. Гап шундаки, аёллар эркаклардан кўра ўз фарзандлари ҳақида кўпроқ қайғурадилар. Қўрқитишга уринишлар аниқ одам учун ишламайди, бу бутун профессионал соҳа учун тегишли. Медиада фаолият юритадиган ҳар бир киши ўзига тиралган бу пичоқни ҳис қилади.

    ОАВда ишлайдиган эркаклар ҳам, аёллар ҳам ҳокимиятнинг ички номутаносиблигига эътибор беришлари керак, уларнинг маошлари қандай кўтарилаётганига, аёлнинг туғиш ёши унинг карьерасини қандай секинлаштиришига, иш ҳақидаги фарқга эътибор беришлари керак. Бизда жиддий gender wage gap бўшлиғи мавжуд. Мен ўзим 24 ёшимда аёл номзодларни ортда қолдириб, бош муҳаррир бўлдим: менимча, эркак бўлганим учун.

    Самал Ибраева, Ulysmedia қозоқ нашри бош муҳаррири. 18 январь куни хакерлар нашрнинг веб-сайтига бузиб киришди, материалларни йўқ қилиб, Ибраевалар оиласи барча аъзоларининг шахсий маълумотларини, жумладан, фарзандларининг ҳужжатлари фотосуратлари, шунингдек, оилавий суратларини тарқатиб юборишди. 8 февраль куни курьер журналистга ҳайвонларнинг ички аъзолари ва унинг болалари суратлари туширилган қутини ташлаб кетди.

    – Менга интернет ҳужумлари ўтган йилнинг май ойида аноним Телеграм каналларидан бошланган эди, лекин мен бунга касбим тақазоси деб, эътибор бермасликка ҳаракат қилдим. Охирги икки воқеа кишини хавотирга солади, лекин мен принципиаль одамман ва ҳеч нарсага қарамай, Қозоғистонда бўлаётган воқеаларни ёритишда давом этаман. Ulysmedia таҳририяти сиёсати ўзгармайди.

    Лилия Гайсинанинг қўшимча қилишича, Тожикистонда 2022 йилда жиддий мавзуларни кўтарган кўплаб блогер ва журналистлар ҳибсга олинган. Аммо, бундан ташқари, милиция  Instagram  аккаунтларда қўшиқ ва рақслар билан видео жойлаштирган қизларга қизиқиб қолган.

    – Бу оддий контент, лекин негадир унинг муаллифлари милициянинг назарига туша бошлади. 18 ёшли блогерлардан бири 10 суткага маъмурий қамоққа олинган, ИИВ унинг фотосуратларини эълон қилди. ОАВда у ҳақидаги хабар пайдо бўлганда, унинг аудиторияси таъқибга қўшилишди.

    Гендер масалалари эксперти, медиатанқидчи Ниссо Расулова бу ҳолат ҳақида батафсил тўхталиб ўтди:

    – ИИВ пресс-релизда блогер “ҳақоратли сўзлардан фойдаланган ҳолда шаҳвоний характердаги видео” тарқатиш билан шуғуллангани ҳақида ёзилган. Ижтимоий тармоқларнинг шарҳловчилари унинг 10 кун давомида тергов изоляторида зўрланишини хоҳлашларини ёзишди, аммо бу изоҳлардан ҳеч ким шикоят қилмади ва уларга эътибор бермади, аксинча, улар фаол равишда лайк босишди. Журналистлар ёш қизнинг юзини хиралаштиришмади ва ҳатто Instagram  тармоғида унинг тахаллусини ҳам кўрсатишди. Қизни ёмон кўрганлар орасида Тожикистоннинг таниқли одамлари ҳам бор эди.

    Бу мамлакатда аёл блогерларга нисбатан ягона таъқиб ҳолати эмас, дейди Расулова.

    Ниссо Расулова

    – Ҳибсга олингандан сўнг қизлар “Ўзимни тожик қизлари каби тутаман” деган сўзлар билан видео ёзишади. Лекин ҳеч ким тожик қизи ўзини қандай тутиши кераклигини айтмайди, ҳаммаси парда билан қопланган, ўзингиз учун интуитив равишда тахмин қилишингиз лозим. TikTok тармоғида машҳур блогер сифатида мен фаолиятимни тўхтатдим. Давом этишимга имкон берилмади. Мен у ерда жинс, феминизм ҳақида гапирмадим, маданият ва урф-одатлар, тил, либослар, Тожикистон ҳақида гапирдим. Шунда ҳам мен таҳдидга учрадим.

     

    Қозоғистонлик журналист ва медиатанқидчи Маргарита Бочарова аёл журналистларга қарши онлайн тажовузга аудитория қандай муносабатда бўлиши ҳақида таҳлил тайёрлади.

    — Ижтимоий тармоқлар нафратнинг асосий манбаига айланиб бормоқда. Қуйидаги тамойилларни келтириш мумкин:

    • ҳуружлар ҳақидаги хабарни шарҳловчилар, агар журналист ва унинг мулкига ҳақиқий ҳужум қилинмаган бўлса, у “чегарадан ўтмаган” ва шартли равишда хавфсиз ҳолатда эканлигига ишонишади;
    • шарҳловчилар журналистларга ахборот уруши иштирокчилари сифатида қарашади ва уларни кимнингдир буюртмаларини бажарувчи сифатида кўришади. Кўпинча аудиторияда саволлар туғилади: “Сиз нима қилаётганингизни биласизми, англайсизми?”. Аудитория журналистларни ўзини-ўзи реклама қилишда ва “спектакль” қўйишда айблайди;
    • баъзи шарҳлар бутун вазиятни қадрсизлантиради, одамлар гўшт ва болалар расмлари билан пакет ҳақида пост остида маринад ҳақида ҳазил қилишни бошлайдилар. Гўё улар содир бўлган воқеани кўрмайдилар, лекин гўшт сифатини муҳокама қилишади ёки буни журналистнинг хафа бўлган мухлислари қилган деб тахмин қилишади.

     

    Суҳбатни якунлар экан, Марина Михтаева Қозоғистон ва Тожикистонда аёл журналист ва блогерларга ҳужум қилиш ҳолатлари кўпайганини қайд этди. Механизмлар барча ҳолатларда ўхшаш: бу шахсий маълумотлар, телефон рақамлари, туҳматли постлар, қариндошлар ва болаларга босим ўтказишга уриниш.

    – Ўзини ҳеч нарса бўлмаётгандек тутишнинг кераги йўқ. Биз ҳеч бўлмаганда бу мавзудан гап очишимиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз, полициядан ҳар томонлама текширувни талаб қилишимиз керак.

    Медиачи қизлар йиғини АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Америка халқининг ёрдами билан ва Internews томонидан USAID молиявий кўмагида амалга оширилаётган Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида ўтказилди. Internews унинг мазмуни учун жавобгардир ва бу USAID ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини ифодаламайди.

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read