Қирғиз ва тожик медиа экспертлари журналистлар учун чегарабўйи каби нозик масалаларни ёритиш қоидаларини тайёрладилар ва уларни “ОАВ муҳаррир ва журналистлар учун чегарабўйи масалалари бўйича қўлланма” махсус тўпламига жам қилдилар. Қўлланма қирғиз-тожик чегарасидаги можароларни ёритиш тажрибасига асослаб тайёрланган бўлсада, унда келтирилган қоидалар бошқа мамлакатлар учун ҳам мос келади.
Тадқиқотга кўра, Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги воқеалар тўғрисида маълумотларнинг асосий манбалари бу – ОАВ ва яқин кишилар ҳамда қариндошлардир; рўйхатда ижтимоий тармоқлар ва интернет тожикистонликлар учун учинчи (18%) ва қирғизистонликлар учун тўртинчи (19%) ўриндан жой олган. “Қирғиз-тожик чегарасида журналистлар бирдамлиги” лойиҳаси доирасида ўтказилган ОАВ тадқиқоти ва мониторинги муаллифлари ушбу хулосага келдилар.
“Одамлар ўртасидаги муносабатлар субъектив талқин ва тушунмовчиликларга олиб келишини ҳисобга олсак, ОАВ сифат жиҳатидан фарқланиши лозим, фактлар, манбаларни текшириши, аниқлик ва бетарафлик мезонларига риоя қилган ҳолда – айнин аниқ маълумотни тайёрлаш ва тарқатишнинг сифат стандартларига мувофиқ бўлишини таъминлаши, уни профессионал тарзда қайта ишлаши шарт”, деб ёзади тадқиқот муаллифлари.
Журналистлар чегарабўйи ҳудудларидаги вазият ҳақида сифатли маълумот бера олишлари учун медиа мутахассислар махсус қоидалар ишлаб чиқдилар. Бизнингча, улар эътибор беришга арзийди.
1-қоида
Ярашишга эришиш учун ҳар иккала томон бир-бирининг муаммоларидан хабардор бўлиши керак. Журналистлар иккала томоннинг муаммоларини ўрганадилар. Бошқа томон билан танишиш, исмларни билиш ва қарама-қарши томоннинг шахсларини аниқлаш – муҳим қадам. Шунинг учун музокаралар бўйича мутахассислар можарочи иккала томонни ҳам битта хонага жамлайдилар. Журналистлар ҳам одамлар ҳақида ҳикоя қилиб, низолар уларнинг ҳаётига қандай таъсир кўрсатаётганини тасвирлаш орқали худди шундай қилишади.
2-қоида
Иккала томон ҳам рақибнинг якуний манфаатларини тушуниши керак. Бунга журналистлар “»қийин” саволлар бериш ва можаролашган томонлар етакчиларининг асл ниятларини тушуниш орқали эришишлари мумкин. Холис журналистика етакчилар манфаатига эътибор қаратмайди ва маҳаллий ҳамжамият, умуман жамиятнинг эҳтиёжларини ўрганади.
3-қоида
Ишончнинг етишмаслиги – можаролар ривожланишида муҳим омил. Оммавий ахборот воситалари жамоатчилик орасидаги ваҳимага барҳам бериш мақсадида “долзарб масалалар”ни тадқиқ қилиб, шубҳаларни йўқота олишлари мумкин. Журналист мутахассислар, экспертлар, сиёсатчиларга (улар бошқа жойлар мисолида низони ҳал қилиш усулларини таклиф қиладилар) минбар бериши ёки маҳаллий можароларни ҳал қилиш ҳаракатларини ёритиши мумкин.
4-қоида
Оммавий ахборот воситалари можароли зиддият ҳолатидан келиб чиқиб, ҳар икки томон учун ҳам ўз манфаат ва позицияларини ифодалаш учун майдон тақдим қилиши мумкин. Кўплаб баҳслар тортишув, зўраки тўқнашув кўринишида эмас, балки нашр саҳифалари ва ТВ эфирлар орқали ҳал этилиши мумкин.
5-қоида
Муҳаррир ва мухбирлар доим аудитория эътиборини битта муаммога жалб қилиш учун ахборот тақдим этишнинг ҳар хил усулларини, муқобил нуқтаи назарни, янгича қарашларни излайдилар. Журналист низолашаётган томонларнинг можаро мавзусига янгича қараши учун ёрдам бера олади – масалани ечишга ёки вазиятни юмшатишга хизмат қиладиган конструктив ёндашувни қўллайди.
6-қоида
Можаролашаётган томонлар низони ҳал қилишга ҳаракат қилганда, ўз тарафдорларини тинчлантиришлари ва қўрқув даражасини камайтиришлари керак. Ушбу мақсадларни ёритиш орқали оммавий ахборот воситалари етакчиларга мавқеларини сақлаб қолиш ва муросага эришишга ёрдам беради.
7-қоида
Можаро пайтида охир-оқибат ҳар икки томон аниқ таклифларни ишлаб чиқади – эътирозларга қандай жавоб бериш керак. Томонлар адоқсиз эътироз ва ҳаяжонларини ифодалаш ўрнига вазиятдан чиқиш йўллари ҳақида саволлар бериши мумкин. Яхши журналистика – ечим излаш жараёнига доимий кўмакда намоён бўлади.
8-қоида
Қарама-қарши гуруҳ, мавқеидан қатъи назар, агар бошқа томон шартларини бажарган бўлса, ўз эҳтиёжларининг қондирилишига амин бўлишлари керак. Журналистлар музокарага ёрдамлашади, негаки, маълумотлар қатъий тарзда холис ва мувозанатли тарзда тақдим этилади. Томонларнинг фикрини ҳисобга оладилар ва даъволарни тинглаш ҳамда қарорлар қабул қилишда мувозанатни сақлайдилар.
9-қоида
Иккала томон вакиллари бир-бирларини яхшироқ билиш мақсадида ОАВдан қишлоқ хўжалигидаги янгиликлар, маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти, таниқли шахслар, оилалар, мутахассислар, урф-одатлар ҳақида, қўшнилар ҳаёти ва турмуши, оддий одамларга бағишланган материалларни кутадилар.
10-қоида
Чегарани кесиб ўтиш тартиби, нарх-наво, турли сабабларга кўра очилган ва ёпилган чегара пунктлари, делимитация ва демаркация жараёнлари тўғрисида маълумот берадиган материаллар керак бўлади. Бу мавзуларни тезкор, аниқ, мунтазам равишда ёритиш керак.
11-қоида
Чегара ҳудудларидаги ёшлар ҳаёти, муваффақиятли ва фаол ёшлар, муаммолар, ҳаёт ва турмуш тарзи, чегарадаги яхши қўшничилик намуналари ҳақида таҳлилий дастур ва фильмлар керак. Шунингдек, ёшларда тинчлик ва яхши қўшничилик тушунчасини шакллантирадиган, трансчегаравий муаммолар ва уларни ҳал қилишнинг конструктив йўлларини кўрсатадиган, ёш авлод дунёқарашини кенгайтирадиган ва маданий қадриятларни шакллантиришга имкон берадиган материаллар зарур.
12-қоида
Камроқ ҳиссиёт, кўпроқ бетарафлик. Воқеалар жойидан бевосита эфирга чиқиш, ўша жойдаги воқеаларни тезкорлик билан кўрсатиш керак. Йирик ОАВнинг жойларда фавқулодда вазиятлар пайти махсус мухбирлари ишлаши лозим. ОАВ чегарабўйи муаммолари ва ушбу ҳудудлардаги аҳолининг ҳаёти тўғрисида кўпроқ таҳлилий материаллар тайёрлаши учун малакали мухбирларини ахоли пунктларига тез-тез юбориб туриши керак.
Респондентлар агар журналистлар онгли равишда ҳақиқатни бузиб, жамоатчилик фикрини ўзгартириш ва низоларни қўзғашга ҳаракат содир этса, ОАВ бунга якдиллик билан қарши туришини кутиб қолишларини таъкидладилар.
Қўлланма “Немис тўлқини” Академияси (Deutsche Welle Akademie) нинг “Қирғиз-тожик чегарасида журналистлар бирдамлиги” лойиҳаси доирасида тайёрланган. Унда мазкур лойиҳа доирасида ўтказилган тадқиқот, ОАВ мониторинги, тренинг, мунозарали учрашувлар материалларидан фойдаланилган. 2014 йилдан эътиборан Deutsche Welle Akademie ўзининг маҳаллий ҳамкорлари – “Журналистлар” жамоатчилик бирлашмаси, Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси ва Қирғизистондаги “Медиа ривожланиш маркази” жамоатчилик жамғармаси билан ҳамкорликда Қирғизистон ва Тожикистон журналистлари бирдамлиги лойиҳасини амалга ошириб келмоқда. Лойиҳа икки мамлакатдаги турли ОАВ мутахассисларини бирлаштирган. Иштирокчилар ташаббуси билан “МедиаМост” журналистлар тармоғи шакллантирилган.
Муаллиф: Лилия Гайсина