Reuters институтининг йиллик ахборот истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботи илк бор пандемия авж олган паллада эълон қилинди. Инқирознинг жиддий экани нафақат жамоатчиликни хабардор қиладиган ва таълим берадиган, балки фитна ва нотўғри маълумотларга қарши курашадиган ишончли ва ҳалол журналистикага бўлган эҳтиёжни кучайтирди. Дунёда медиа истеъмолида ўзгариш юз бердими? Тадқиқотчилар қандай хулосаларга келишди? Пандемиядан кейин қандай тамойил ва башоратлар кутилмоқда? “Янги репортёр” тадқиқот натижаларини ўрганиб чиқди ва тақдим қилди.
Пандемия нималарни ўзгартира олмади?
- Янгиликлардаги нотўғри ахборот узатиш ва манипуляция масаласида безовталик. Пандемия кириб келишидан аввал ҳам, глобал манбааларнинг ярмидан кўпи янгиликлар ҳақида гап кетганда, интернетда нима ҳақиқат ёки нима ёлғон эканини фарқлаш масаласида ташвиш билдиришар эди. Деярли барча мамлакатларда ёлғон маълумот тарқатадиган асосий канал Facebook экани айтилади. Айрим, масалан, Бразилия ва Малайзия каби жанубий минтақаларда бу масалада WhatsApp бош айбдор сифатида кўрсатилади.
- Онлайн янгиликлар учун нархларининг сезиларли ўсиши бир қатор мамлакатларда, жумладан, АҚШ (ўсиш 20%, + 4%) ва Норвегияда (ўсиш 42%, + 8%) давом этмоқда. Маълум қилинишича, аксарият одамлар ҳанузгача интернет янгиликлар учун пул тўламайдилар. Рақамли обунани сотиб олганлар кўпроқ сифатли янгиликлар билан танишаётганларига ишонадилар.
- Подкастдан фойдаланиш улуши барча мамлакатларда ўсишда давом этмоқда. Подкастлардан ахборот манбаи сифатида фойдаланадиган респондентларнинг ярми ушбу формат мавзу бўйича чуқурроқ маълумот беришини таъкидлашади.
Келажак тамойил ва башоратлари
- Журналистлар энди маълумотлардан фойдалана олиш ишининг назоратидан чекиндилар ҳамда муқобил манбалар ва фактларни қидириб кўпроқ ижтимоий тармоқларга мурожаат қилмоқдалар, уларнинг баъзилари расмий маълумотлардан фарқ қилади.
- Журналистика муҳим аҳамият касб этиб, унга талаб яна ошиб бормоқда. Боз устига, соҳага қўшимча қизиқиш янада кам даромад келтира бошлади – реклама берувчилар яқинлашиб келаётган таназзулга ва нашр тушумларининг пасайишига тайёрланмоқдалар. Ушбу фаолият ортида рақамли обунадан ва бошқа рақамли тўлов моделларидан фойдаланиш ортиши мумкин.
- Ноширлар матбуотнинг узоқ муддатли истиқболда омон қолиши онлайн аудитория билан янада мустаҳкам ва чуқурроқ алоқани талаб қилишини тобора кўпроқ эътироф этмоқдалар, шунинг учун электрон почта хабарлари ва подкаст форматларининг аҳамияти ошиб бориши тахмин қилинмоқда.
Тадқиқотнинг асосий натижалари
- COVID-19 инқирози олтита мамлакатда пандемиядан аввал ва кейин ўтказилган сўровларга кўра, ОАВда янгиликлар истеъмолини кескин ошириб юборган. Теле янгиликлар ва онлайн манбалар сезиларли ўсишни кўрсатди.
- Борган сари кўпчилик телевидениени ахборотни истеъмол қилишнинг асосий манбаи сифатида тан олмоқда ва салбий янгиликлардан вақтинча чалғиш воситаси, деб билмоқда.
- Босма нашрларнинг истеъмоли пасайиб кетган, чунки мамлакатлардаги хавфсизлик чоралари маҳсулотнинг тарқалишига монелик қилди ва шу билан рақамли келажакка тўлақонли ўтиш жараёнини тезлаштирди.
- WhatsApp умумий миқёсда энг катта ўсишни намойиш этди. Респондентларнинг ярмидан кўпи (51%) суҳбатлашиш ёки маълумот алмашиш учун очиқ ёки ёпиқ онлайн гуруҳлардан фойдалангани маълум бўлди.
- Пандемияни ёритишга бўлган энг юқори ишонч ОАВда сақланиб қолди. Оммавий ахборот воситаларига ишонч ижтимоий тармоқ, видео платформа ёки мессенжерларга қараганда икки баравар кўпроқ.
- Интернетга мурожаат қилувчи ҳар 10 кишининг биттаси Zoom, Houseparty ва Google Hangouts каби платформаларнинг видеочатидан биринчи марта фойдаланган.
- Интернетдан фойдаланувчи ёш (18-24 ёш) қатлам учун Instagram, Snapchat ва TikTok коронавирус ҳақида энг машҳур маълумот манбалари экан. Германия ва Аргентинада ушбу платформаларни қайд қилган респондентларнинг улуши 50% га яқинлашди.
Методология ҳақида. Тадқиқот дунёнинг турли мамлакатларида янгиликлар қандай истеъмол қилинаётганини аниқлаштириш мақсадида Reuters буюртмасига кўра ўтказилди. Уни YouGov онлайн-сўровнома ёрдамида 2020 йилнинг январь ойи охири — февраль ойи бошларида ўтказган. Тадқиқот натижаларига пандемиянинг таъсирини баҳолаш мақсадида коронавирус кўпроқ зарар келтирган айрим мамлакатларда (Буюк Британия, АҚШ, Германия, Испания, Жанубий Корея ва Аргентина) иккита қўшимча тадқиқотлар ҳам ўтказилди. Бошқа иштирокчи давлатлар, респондентларнинг жавоблари ва тадқиқот методологияси ҳақида бу ерда батафсил ўқиш мумкин.
Муаллиф: Ольга Королева