Ўзбекистон журналистлари ва ОАВ таҳририятларида суд амалиётининг очиқлиги тўғрисида кўплаб саволлар келиб чиқади. Медиаюрист Карим Баҳриев “Янги репортёр” учун махсус Ўзбекистонда судларнинг очиқлик ҳолати бўйича қўлланма тайёрлади. Ушбу туркум мақолалардан 5 та мавзу ва 28 та саволга жавоблар ўрин олган. Учинчи мақола “Журналист ва блогерлар ёпиқ суд жараёнларини ёритишлари мумкинми?”, деган саволга жавоб беради.
Ёпиқ суд мажлисида иш юритишни тўлиқ ёки қисман олиб боришга қандай асосларда рухсат берилади?
Жавоб: Ёпиқ суд мажлисида иш юритишни тўлиқ ёки қисман ўтказиш фақат қонунда назарда тутилган асослар бўйича амалга оширилади (ФПКнинг 12-моддаси иккинчи қисми, ЖПКнинг 19-моддаси биринчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи қисмлари, ЭПК 11-моддаси иккинчи қисми, КоАС 13-моддаси иккинчи қисми).
Қандай қилиб суд ёпиқ тартибда ўтказилиши мумкин?
Жавоб: Суд ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида асосли ажрим чиқаради, унда жараён иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун суд залига эркин киришга тўсқинлик қилувчи аниқ ҳолатлар кўрсатилиши керак.
Суд ёпиқ мажлис ўтказиши тўғрисидаги маълумотлар жамоатчиликка очиқ маълум қилиниши лозим.
Суд ёпиқ жараёни ўтказилиши тўғрисида суд мажлисининг баённомасида ва иш бўйича қабул қилинган суд актининг кириш қисмида кўрсатилиши керак.
Суд ишини ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисидаги қарор эълон қилингунга қадар оммавий ахборот воситалари вакилларини суд залидан чиқаришга рухсат бериладими?
Жавоб: Суд ишини ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисидаги қарор эълон қилингунга қадар суд ишига алоқадор бўлмаган шахсларни, оммавий ахборот воситалари вакилларини суд залидан чиқариб юбориш мумкин эмас. Ишни ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолларда, агар жиноят иши суд мажлисига режалаштирилган бўлса, процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд залига киритилмайди.
Ишни ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисидаги суд қарори эълон қилингандан сўнг процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлислар залидан чиқарилади, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасида кўрсатилади.
Aгар суд жиноят иши бўйича процесснинг бир қисмини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилса, журналистларнинг ушбу суд мажлисида иштирок этишига йўл қўймаслик мумкинми?
Жавоб: Aгар суд жиноят иши бўйича процесснинг бир қисмини ёпиқ суд мажлисида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса, процесс иштирокчилари бўлмаган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари фақат суд мажлисининг ушбу қисмида иштирок этишга йўл қўйилмайди.
Фуқаролик ишларининг қайси ҳолларида суд ишни ёпиқ тартибда кўриб чиқади?
Жавоб: Суд фуқаролик, шунингдек, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни, агар у давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган ёки қонунда фуқаролик ишини ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишни назарда тутган бошқа ҳолатлар бўлса, ишни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқади.
Жараён иштирокчисининг илтимосига кўра, суд фуқаролик ишини, шунингдек, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишни шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган сирларни ташкил этувчи маълумотларни сақлаш мақсадида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиш ҳуқуқига эга (ФПКнинг 12-моддаси иккинчи ва учинчи қисмлари, КоАС 13-моддасининг иккинчи қисми).
Бунда, шуни назарда тутиш керакки, суд жараёнини ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисидаги илтимоснома нафақат ўз манфаатлари учун мурожаат қилган шахс ва (ёки) унинг вакилидан, балки ФПКнинг 50, 52-моддаларига асосан бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган (масалан, прокурордан, васийлик органидан, ҳомийлар ва ҳ.к.) шахслардан ҳам келиб тушиши мумкин.
Қандай ҳолатларда суд жиноят ишини ёпиқ тарзда кўриб чиқиши мумкин?
Жавоб: Жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида ўтказишга ЖПКнинг 19-моддаси биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, йўл қўйилади.
Давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни сақлаш мақсадида ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш, агар ишда “Давлатни сирларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат сири ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирлар сирасига кирадиган маълумотлар мавжуд бўлса, йўл қўйилади.
Тижорат сирларини сақлаш мақсадида ёпиқ суд мажлиси, агар тегишли илтимоснома билан мурожаат қилган бундай маълумот эгаси Ўзбекистон Республикасининг “Тижорат сирлари тўғрисида”ги Қонуни 10-моддасига мувофиқ тижорат сирларини ҳимоя қилиш чораларини кўрган бўлса, амалга оширилиши мумкин.
Тижорат сирини сақлаш асослари бўйича ёпиқ суд мажлисида иш юритиш тўғрисида қарор қабул қилганда, судлар Ўзбекистон Республикаси “Тижорат сирлари тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасида назарда тутилган маълумотларга нисбатан тижорат сирини ўрнатиш мумкин эмаслигини ҳисобга олишлари керак.
Шахснинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаш асоси билан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида қарор қабул қилишда судлар нималарга эътибор беришлари керак?
Жавоб: Шахснинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлаш асоси билан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида қарор қабул қилишда судлар шахснинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларнинг моҳияти ва мазмунини ҳамда бундай маълумотларни ошкор қилиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни ҳисобга олишлари керак.
Ёпиқ суднинг қарори ҳам ёпиқ бўладими?
Жавоб: Процессуал қонун талабига биноан, фуқаролик, жиноий, иқтисодий, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқилганлик тўғрисидаги ҳужжатларни эълон қилиш оммавий равишда амалга оширилади. Бевосита қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Хусусан, ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган фуқаролик иши бўйича вояга етмаганнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган суд қарори (масалан, фарзанд асраб олиш иши) оммавий равишда эълон қилинмайди.
Карим БAҲРИЕВ