No menu items!
More
    ДомойЮридик кўмакСудлар ва судьялар ахборот манбалари сифатида. Ўзбекистонда судларнинг очиқлиги бўйича қўлланма

    Судлар ва судьялар ахборот манбалари сифатида. Ўзбекистонда судларнинг очиқлиги бўйича қўлланма

    Ўзбекистон журналистлари ва ОАВ таҳририятларида суд амалиётининг очиқлиги тўғрисида кўплаб саволлар келиб чиқади. Медиаюрист Карим Баҳриев “Янги репортёр” учун махсус Ўзбекистонда судларнинг очиқлик ҳолати бўйича қўлланма тайёрлади. Ушбу туркум мақолалардан 5 та мавзу ва 28 та саволга жавоблар ўрин олган. Биринчи мақола “Судлар ва судьялар журналистлар учун ахборот манбаи” мавзусига бағишланади.

    Судлар ҳақидаги қандай ахборотлар очиқ ва қайсилари ёпиқ?

    Жавоб: Судларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар жамоатчилик учун очиқ, фақат қонунда белгиланган ахборот олиш ҳуқуқини чеклаш ҳоллари бундан мустасно (“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддаси).

    Чекланган маълумотлар сарасига, хусусан, қуйидагилар киради:

    • давлат сирлари (Ўзбекистон Республикаси “Давлат сирларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 3, 5-моддалари);
    • қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирлар (масалан, фарзандликка олиш сири (Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 153-моддаси);
    • шифокор сири (“Фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 25-моддаси бешинчи қисми, “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддаси);
    • қонун билан чекланган бошқа маълумотлар.

    Суд сўралган маълумотларни тақдим қилишни улар чекланган маълумотлар экани важи билан рад этиш ҳуқуқига эга эмас. Бундай ҳолда жамоатчилик учун очиқ бўлган маълумотлар тақдим этилади.

    Маълумотлар суднинг расмий сайтига қандай асосларда жойлаштирилади?

    Жавоб: Суд қарорларининг матнларини судларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштириш ФПКнинг 12-модда еттинчи қисми, ЖПКнинг 19-модда ўн биринчи қисми, ЭПКнинг 11-модда олтинчи қисми талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак. Давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар суд ҳужжатлари матнларида акс эттирилмайди.

    Суд қарорларининг қонуний кучга кирган матнлари суднинг расмий веб-сайтида шахси кўрсатилмаган ҳолда ёки жараён иштирокчиларининг розилиги билан тўлиқ ҳажмда эълон қилиниши мумкин. Шу билан бирга, суд томонидан чиқарилган ва эълон қилиниши лозим бўлган қарорларнинг матни (масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисмини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги суд қарори матни) судларнинг расмий веб-сайтларида тўлиқ жойлаштирилади.

    Суд мажлислари тўғрисидаги ахборотни қандай олиш мумкин?

    Жавоб: Ўтказилиши кутилаётган очиқ суд мажлислари тўғрисидаги маълумотлар ҳам тегишли суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши лозим.

    Судларда судлар фаолияти тўғрисидаги қонунга ва судьяларнинг мустақиллиги тамойилларига зид бўлмаган ахборотлар билан таъминлашнинг бошқа усулларидан ҳам фойдаланиш мумкин (жумладан, фуқаролар, жамоатчилик вакилларини қабул қилиш, брифинглар, интервьюлар, матбуот анжуманлари ўтказиш, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик олдида чиқишлар, пресс-релизлар тарқатиш ва ҳ.к.).

    Суд вакиллари жамоатчилик билан қандай муносабатда бўладилар?

    Халқ билан доимий алоқани таъминлаш учун судларнинг расмий ходимлари оммавий ахборот воситалари билан ўзаро алоқада бўлишади.

    Судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг вазифалари:

    • йилда камида бир марта давлат ҳокимиятининг тегишли вакиллик органига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган бошқа манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилишни амалга ошириш ҳолати тўғрисида маълумот тақдим этиш;
    • ойда камида бир марта жойларда судьяларнинг аҳоли билан учрашувларини ташкил этиш.

    Карим БAҲРИЕВ

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read