Internews Ўзбекистондаги онлайн медиа ва блогерлар учун онлайн маслаҳат танловини эълон қилади. Ғолиблар амалиётчи экспертнинг бепул шахсий маслаҳати ва ёрдамини (менторлик) олади.
Онлайн-маслаҳат нима учун керак?
Сиз ўз медиангиз фаолиятини яхшилашни хоҳлайсиз, лекин сизда имконият етарли эмас. Сизга ёки жамоангизга ҳозирги вазиятингиз нюансларини ҳисобга оладиган шахсий ёндашув керакми? Бунинг учун биз онлайн-маслаҳатлар олишни таклиф қиламиз. Мутахассислар айнан сизнинг масалангизни ҳал қилишга ёрдам беришади.
Қандай маслаҳат ёрдамини сўраш мумкин?
Маслаҳат учун талаб этиладиган мавзулар доираси кенг. Муҳими – мавзу матбуотнинг фаолияти билан боғлиқ бўлиши лозим. Масалан, улар қуйидагича бўлиши мумкин:
Менежмент ҳақида
- Медиа-платформа (веб-сайт, ижтимоий тармоқлар, блоглар), ахборот ва тижорат бўлими ишини қандай самарали ташкил этиш мумкин?
- Ходимлар билан ишлаш: замонавий медиа ходимлари нималарга қодир бўлиши керак? Ходимларга қандай мотивация бериш ва вазифалар қўйиш мумкин?
- Медиа ташкилотларга қандай ички ҳужжатлар керак, улар қандай ёзилади ва улар билан қандай ишланади?
- Режалаштириш: қисқа муддатли, ўрта муддатли, стратегик. Уни қандай олиб бориш керак, бунинг учун қандай ҳужжат ва воситалар мавжуд?
- Қандай қилиб кучли бренд яратиш ва томошабин садоқатини қозониш мумкин?
Рақамли маркетинг ва молиялаштириш ҳақида
- Бизнес салоҳиятини қандай мустаҳкамлаш мумкин?
- Рақамли маркетингнинг қандай воситалари мавжуд?
- Молиялаштиришнинг қандай формат, усул ва моделлари мавжуд?
- Қандай қилиб самарали реклама маҳсулоти яратиш мумкин?
- Доимий мижозга айланиш учун реклама берувчи билан қандай ишлаш керак?
- Қандай қилиб рентабелликни тўғри ҳисоблаш, тижорат таклифларини ёзиш керак?
- Пул қаерда: реклама, ўқувчи, яна-чи?
- Аудиторияни қандай қилиб чамалаш, жалб қилиш ва веб-сайт ёки блогга ташриф буюрувчилар сонини ошириш мумкин?
Танловда кимлар иштирок этиши мумкин?
Онлайн-медиа ва медиа-блогерлар, шунингдек, ўз таркибида бир нечта медиани бирлаштирган медиа ташкилотлар иштирок этиш учун ариза топширишлари мумкин. Бунда бир нечта шартларга риоя қилиш муҳим саналади:
- Сиз ёки сизнинг медиа томонидан янгиликлар ва/ёки таҳлилий таркиб яратилиши керак;
- Сизнинг фаолиятингиз даромад олишга йўналтирилган;
- Камида 5000 кишилик онлайн аудиторияга эга бўлиш;
- Маслаҳат учун вақт ажратишга тайёр бўлиш ва ўрганиш, ўзгартириш, ривожланиш учун мотивацияга эга бўлиш;
- Янги билимларни ўзлаштириш ва амалиётга жорий этишга тайёр бўлиш.
Онлайн-маслаҳатлар кимларга йўналтирилган?
Онлайн медиа раҳбарлари, муҳаррирлар, савдо/реклама менежерлари, блогерлар.
Онлайн-маслаҳат қандай тартибда ишлайди?
Эксперт медиадан келган аризани баҳолайди. Белгиланган мақсадга мувофиқ, алоҳида иштирокчилар учун ҳам, агар лозим бўлса, жамоа учун маслаҳатлар, вебинарлар, мастер-класслар бўйича режа ва мавзуларни ишлаб чиқади.
Мураббий медиа ёки блогер билан ҳафтасига бир неча соатдан 1-2 ой мобайнида ишлайди. Онлайн-маслаҳат якунида эксперт амалга оширилган ишларга баҳо беради, шунингдек, тавсиялар ишлаб чиқади.
Яна нимани билиш муҳим?
Сиз маслаҳат олишни истаган ғоя/муаммо/вазифани аниқ ифода қила олишингиз, шунингдек, нима учун уни ҳозир ҳал қилиш муҳим деб ҳисоблашингизни асослаб беришингиз керак.
Медиа фаолият юритаётган тил танловда иштирок этиш учун ҳал қилувчи омил бўлмайди. Зарурат бўлса, таржимонлар жалб этилади.
Ҳар бир эксперт вазифадан келиб чиқиб танланади. Экспертларимиз – Марказий Осиё, МДҲ ва Европа мамлакатларидан.
Қандай иштирок этиш мумкин?
Ариза шаклини 2021 йил 27 декабргача тўлдиринг. Бунинг учун, марҳамат, ҳаволага ўтинг. Танловнинг иккинчи босқичи шахсий онлайн-интервью шаклида бўлади. Онлайн суҳбатга фақат дастлабки саралашдан ўтган номзодлар таклиф қилинади. Тўлиқ бўлмаган ёки нотўғри тўлдирилган аризалар кўриб чиқилмайди.
Ғолиблар 2022 йил 15 январгача аниқланади.